Ўлмас Темур: “Театр қиммат, чунки у тирик!” (+видео)
Театр – бу шунчаки саҳна эмас. Бу миллатнинг ўзини англаш майдони. Жадидлар бир аср аввал шуни жуда яхши тушунган: халқни уйғотиш учун фақат мақола ёки дарс етарли эмас. Театр керак. Чунки саҳнада айтилган гап юракка тезроқ етиб боради. Беҳбудий, Авлонийлар театрни миллат кўзгуси, жамиятни ўзгартирувчи энг кучли восита деб билган.
Бугун эса театр яна долзарб. Тезкор ахборот, ижтимоий тармоқлар замонида ҳам театр бизни тўхтатади, ўйлантиради, савол беради. Ким эдик? Ким бўляпмиз? Қаерга кетяпмиз?
Ана шундай тарихий масъулият ва замонавий руҳ уйғунлашган паллада “Миллат театри” ўз эшикларини очмоқда. Бу саҳнада – миллат дарди, миллат овози, миллат келажаги янграйди.
Биз шу театрнинг очилиши муносабати билан таниқли актёр Ўлмас Темур билан суҳбатлашдик.
–Фаолиятингиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз. “Миллат театри” яратилишига сабаб бўлган энг муҳим омиллар нима?
–Мен Ўлмас Темур, “Миллат театри” асосчисиман. “Миллат театри” –мустақил, тўлиқ ёшлардан иборат экспериментал театр-студия.
2025 йил 14 февраль куни “Кўксарой” қароргоҳида Президентимиз ёшлар билан учрашув ўтказган эди. Ушбу учрашувда мен ҳам иштирок этдим ва Тошкент шаҳрида ёшлар учун экспериментал театр-студия ташкил этиш таклифини билдирдим. Президентимиз бу ташаббусни қўллаб-қувватладилар. 2025 йил 26 март куни мазкур учрашув юзасидан фармон имзоланди. Фармоннинг 61-бандида айнан 2025 йилда Тошкент шаҳрида ёшлар учун экспериментал театр-студия очиш белгилаб қўйилди. “Миллат театри” ана шу фармон асосида ташкил этилди.
2026 йил 29–30 январь ҳамда 1 февраль кунлари илк шеърий спектаклимиз – “Ҳакала, дукала, чўкала” номли саҳна асарини томошабинлар эътиборига ҳавола этдик.
Театрга атоқли ёзувчи ва истеъдодли драматург Жавлон Жовлиев билан биргаликда асос солганмиз. Жамоамиз асосан ёшлардан иборат. Актёрларимнинг барчаси тенгдошларим ёки мендан бироз катта-кичик йигит-қизлар. Улар профессионал ижодкорлар – аксарияти олий таълимни тамомлаган. Айримлари билан бир курсда, бошқалари билан параллел ўқиганмиз. Уларнинг ижтимоий тармоқлардаги ижодини кузатар эканман, ичимда шундай ният туғилган: қачондир эркин ижод қилинадиган маскан ташкил қилсам, айнан шу дўстларим билан бирга ишлайман.
Театр очиш ғояси осон шаклланмаган. 2024 йилда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини тамомладим. Ўқиш давомида уч марта четлаштирилганман. Сўнгги сафар ректор қарори билан бутунлай ҳайдалган эдим. Кейин Қўқон театрида ишламоқчи бўлдим, аммо у ерга ҳам ишга кира олмадим. Ана шунда ичимда кучли бир “исён”, ўз йўлимни яратиш истаги уйғонди. “Бир кун келиб ўзим театр очаман ва биринчи спектаклимга сизларни таклиф қиламан”, деган қатъий ниятни дилимга тугиб қўйдим.
Бугун ўша ният меҳнат, изланиш ва устозлар маслаҳатлари билан рўёбга чиқди. Мана, сиз билан биринчи спектаклимиз намойиш этилган саҳна муҳитида суҳбатлашиб ўтирибмиз.
Албатта, бизни қўллаб-қувватлаганлар бор. Ҳомийимиз – Ёшлар ишлари агентлигининг “Мутолаа” лойиҳаси. Дастлаб режаларимизда спектакллардан тушган маблағ эвазига саҳна жиҳозларини босқичма-босқич яхшилашни кўзлаган эдик. Бироқ, “Мутолаа” лойиҳаси барча харажатларни ўз зиммасига олиб, пардадан тортиб гилам, ўриндиқлар ва ёритиш ускуналаригача таъминлаб берди, саҳнани таъмирлашда ҳам ёрдам кўрсатди.
Шу боис, спектаклдан тушган маблағни ижодий жамоа – актёрлар, шоир ва режиссёр ўртасида тақсимладик. Маблағ катта эмас эди, лекин бу ерда тўпланган ижодкорлар пул учун эмас, ижод ва муҳит учун ишлайди. Улар бу ерга яшаш, ўзини намоён қилиш, санъат нафаси билан яшаш учун келади. Афсуски, жамоамиздаги кўплаб истеъдодли йигит-қизлар аввал бошқа соҳаларда ишлаб юришга мажбур бўлган. Бу, албатта, ижодкор қалбини оғритади. “Миллат театри” эса ана шундай истеъдодлар учун эркин ижод майдонидир.
Нега тўрт йил олийгоҳда таҳсил олиб, ҳақиқатан ҳам истеъдодли бўлган йигит-қизлар бошқа ишлар билан шуғулланиши керак? Уларнинг жойи саҳнада. Улар саҳнада яшаши, ижод қилиши, ёниши керак.
Шунинг учун ҳам бугун жуда хурсандман. Биз қилаётган иш – катта иш! Ташқаридан қараганда кимдир: “Ҳа, театр очибди-да”, дейиши мумкин. Лекин театр очиш ошхона, кийим дўкони ёки китоб дўкони очиш эмас. Бу бутун бошли театр ташкил этиш, жадид боболаримиз бошлаган маърифий ҳаракатни давом эттириш демакдир.
Жадидлар аввал мутолаа хоналар очган, китобларни бепул чоп этган, бепул таълим берган. Кейин эса халққа озодлик ғояларини, маърифат руҳини сингдириш учун театр ташкил қилган ва саҳна орқали ўз фикрларини етказган. Демак, биз тўғри йўлдамиз. Жадидлар тутган йўлдамиз!
Албатта, қийинчиликлар кўп бўлди. Осон бўлмади. Жойимиз кичик, биринчи спектакль шеърий шаклда, актёрлар устида яна ишлаш керак. Ҳали мусиқа билан ишламаганмиз, айрим талабларга тўлиқ жавоб бермаслигимиз мумкин. Лекин бизда энг муҳими асос, ўзак ва биринчи қадам бор. Энди босқичма-босқич ривожланиб борсак, муаммо бўлмайди, деб ўйлайман.
– “Миллат театри” томошабинлар учун яна қандай янгиликлар тайёрламоқда?
– Ҳозирги кунда бир эмас, учта спектакль устида параллел равишда ишлаяпмиз. 14 февраль куни “Бобурни севганлар куни” номи билан яна бир шеърий спектакль намойиш этилади. Ой охирида Шавкат Раҳмон шеърлари асосида моноспектакль, яъни бир актёр ижро этадиган саҳна асари тайёрланмоқда.
Шунингдек, япон драматурги томонидан ёзилган “Кулгу академияси” асарини ўзига хос талқинда саҳналаштиришни режалаштирганмиз. Бу асар кўп театрларда қўйилган, аммо биз уни янги ёндашув билан тақдим этмоқчимиз.
Бундан ҳам катта режаларимиз бор. Фақат уларни босқичма-босқич амалга оширамиз.
– Ижтимоий тармоқларда “Театр қимматми…” деб бошланадиган мурожаатномангиз жуда оммалашди. Нима деб ўйлайсиз, томошабинлар санъатни нега “қиммат” ёки “арзон” деган мезон билан баҳолайди?
– Мен бу ҳолатдан жуда хурсанд бўлдим. Инстаграм тасмасида қарийб ҳар учта видеодан бири шу ролик билан чиқиб келаётганини кўрдим. Кўплаб театр актёрлари ўз фаолиятига фон сифатида “Театр ўзи қимматми? Ҳа, қиммат, чунки у тирик” деган жойини қўйишди. Бу мени қувонтирди.
Негаки, қанча кўп кўрилса, одамлар театр ҳақида шунча кўп маълумот олади. Театрга нисбатан муносабат ўзгаради. Бу фақат бизнинг театр эмас, умуман барча театрлар учун фойдали.
Аслида театр қиммат эмас. Чипта нархи, масалан, 100 минг сўм. Бугун савдо марказига бориб кино кўраман десангиз ҳам камида 120 минг сўм тўлайсиз.
Лекин театр билан кинонинг фарқи катта. Кино инсонни тарбиялашга мажбур эмас, у кўпроқ ҳордиқ ва завқ учун хизмат қилади. Театр эса инсонни ўзгаришга ундайди. Театрга келган одам нимадир олиши керак. Ўзини кўзгуда кўргандек ҳис қилиши, ўйланиши, хулоса чиқариши керак.
“Нега бундай солиштириш пайдо бўлди?” деган савол табиий. Чунки тарихан ҳам солиштириш бўлган. Аввал театр бор эди, кейин телевидение кириб келди. Кейин рақамли медиа, ижтимоий тармоқлар. Ҳар бир янги восита пайдо бўлганда, олдингиси билан таққослаш юзага келган.
Бизнинг мақсадимиз – “спектакль зерикарли” деган стереотипни парчалаш. Театр – тирик санъат. У саҳнада, шу онда, шу нафасда яратилади. Ва шу жиҳати билан ҳам у қиммат.
– Кўпчилик мухлисларингизга аёнки, жаҳон адабиётидан Фёдор Достоевский ижодининг мухлисисиз. Хўш, ўзбек адабиётидан қайси ёзувчиларнинг асарларини севиб ўқийсиз?
– Ўзбек адабиётида севиб ўқийдиган ёзувчиларим кўп. Бу ҳақда аввал ҳам кўп бор айтганман. Айниқса, Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” асарини жуда яхши кўраман. Бу роман мен учун алоҳида аҳамиятга эга.
Шунингдек, мен ёқтирган замонавий ёзувчиларимдан бири Жавлон Жовлиев. Биз бирга ишлаймиз, лекин уни фақат ҳамкорлигимиз учун эмас, ижоди учун қадрлайман. Жавлон Жовлиев ижодида Тоғай Мурод руҳияти сезилиб туради.
Яқинда у қизлар ҳақида жуда қизиқарли асар ёзди. Ҳозирча номини айтолмайман, чунки китоб ҳали нашр этилмаган. Мен уни қўлёзма ҳолатида ўқидим. Асарни ўқиб, Жавлон аканинг ўзларига ҳам айтдим: “Агар Тоғай Мурод тирик бўлганларида, бу асарни ўқиб сизга тан берган бўлар эдилар”, дедим.
Жавлон Жовлиевдан умидларим катта. Уни жуда ҳурмат қиламан. Демак, менинг энг яхши кўрган ўзбек ёзувчиларимдан бири – Тўғай Мурод бўлса, иккинчиси – Жавлон Жовлиев. Уларнинг асарлари асосида ҳам театримизда яқин келажакда янги саҳна ишлари бўлади.
– Ижодкор сифатида нимадан кўпроқ илҳомланасиз? Қайси мавзуларни ёритишни истайсиз?
– Ижодкор инсон табиатан кузатувчан бўлади. У кўчада юрганда, овқатланаётганда, одамлар билан мулоқотда умуман, ҳар жойда деталларга эътибор беради. Ана шу кичик бир деталл ҳам қалбида ниманидир уйғотиши, уни ёзишга, яратишга ундаши мумкин.
Мен ҳам илҳомни атрофимдан, халқимдан оламан. Бир нарсани жуда истардим: биз катта мақсадлар ҳақида кўпроқ ўйласак. Фақат маиший муаммолар билан чекланиб қолмасдан, кенгроқ, юксакроқ мавзулар ҳақида гаплашсак.
Санъат инсонни фикрлашга чорлаши керак. Театр ҳам, адабиёт ҳам одамни ўзидан юқорига кўтариши, руҳан ўсишга ундаши лозим.
–Ўзбек киноси ҳақида кўпчилик турлича фикр билдиради. Аслида соҳадаги муҳит ва жараён қандай? Томошабинлар бераётган салбий баҳо билан бутун ўзбек киносини баҳолаш қанчалик тўғри?
–Аввало, кино муваффақиятли бўлиши учун ҳар ким ўз ишини профессионал даражада бажариши керак. Мен янги актёр сифатида катта даъволар қилолмайман, лекин бир нарсани аниқ айта оламан: ҳар ким ўз ўрнида бўлса, натижа албатта яхши бўлади. Режиссёр режиссёрлигини қилсин, актёр актёрлигини, сценарист сценарийсини пухта ёзсин, шунда сифат юксалади.
Айниқса, ёш томошабинлар бир нарсани фарқлаши керак: бугун намойиш қилинаётган айрим новеллалар ёки сериалларни кино деб қабул қилиш тўғри эмас. Кино билан теленовелланинг ўртасида катта фарқ бор.
Ҳозир ҳам ўзбек киносида яхши асарлар яратиляпти. Фақат реклама ва тарғибот масаласида замонавийроқ ёндашув керак, деб ўйлайман. Бугунги жадал ривожланаётган замонда маҳсулотни тўғри тақдим этиш ҳам муҳим. Зўр фильм яратишнинг ўзи етарли эмас, уни томошабинга етказишни ҳам билиш керак.
Энг муҳими, “ўзбек киноси тугади” деган тушунчадан воз кечишимиз лозим. Ўзбек киноси аввал ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор ва бундан кейин ҳам бўлади. У ҳеч қачон “ўлган” эмас. Балки айни пайтда маълум бир босқичда, ўтиш давридадир. Лекин яхши фильмлар бор.
Масалан, 2024 йилда мен иккита қисқа метражли ва 2 та тўлиқ метражли бадиий фильмда иштирок этдим. Давлат киносида ишлаб, жараёндан катта завқ олдим. Уч ой давом этган суратга олиш ишларида ҳар бир соҳанинг мутахассислари ишлаганига гувоҳ бўлдим.
Хулоса қилиб айтсам, яхши кинолар бор. Фақат биз баъзан уларни кўрмаймиз ёки кўришни истамаймиз. Майда салбий ҳолатларни четга суриб, ижобий ишларга эътибор қаратиш керак.
–“Миллат театри” томошабинга нима беради ва қандай ғояни мақсад қилиб олган?
–Ҳозир биз ўтирган жой ривожланиш учун ўчоқ, бошланғич нуқта, холос. Режамиз имконият бўлса, бир йил ичида янада кенгроқ саҳнага кўчиш. Аввало, томошабинни ўргатиш, унинг дидини шакллантириш, ўз спектаклларимизни мунтазам намойиш этишни мақсад қилганмиз. Кейин эса бошқачароқ форматга ўтамиз. Албатта, бу ерда имкониятлар чекланган. Лекин биз бир йил давомида шу масканга эга бўлиш учун курашдик. Шунинг ўзи ҳам катта ютуқ.
Мени энг қувонтиргани, театрни севадиган инсонлар борлиги. Учта сеанс қўйган бўлсак, яна йигирма киши “жой қолмадими?” деб сўради. Бу жуда қувонарли ҳолат. Яна бир муҳим жиҳат, келган одамлар афсусланмай, яхши таассурот билан чиқиб кетишмоқда.
Театрнинг энг оғриқли ва айни пайтда энг гўзал томони шуки, у бир лаҳзада яшайди. Фильм бир марта суратга олинади ва уни қайта-қайта кўриш мумкин. Спектакль эса шу онда, шу нафасда яратилади ва ўша лаҳзада яшайди. Мен ҳамиша жамоамга айтаман: саҳнага чиққанингизда ҳамма нарсани унутинг, лаҳзада яшанг. Чунки бугунги кун ҳеч қачон қайта келмайди. Шунинг учун ҳам театр санъати алоҳида қадрланади — у тирик, у нафас олади, у шу ерда ва ҳозир яралади.
Инсон қачонки “мен зўрман” деб ўйласа, ўша пайтдан ютқаза бошлайди. Ҳозир бош роль устида ишлаяпман ва тайёргарлик жараёнида катта ҳаяжонни ҳис қиляпман. Бу ҳақда режиссёримизга ҳам айтдим. У эса аксинча, бу яхши ҳолат эканини таъкидлади. Чунки қўрқув ва ҳаяжон инсонни янада масъулиятлироқ бўлишга, бор кучини ишга солишга мажбур қилади.
Менимча, нимагадир эришмоқчи бўлган ёшлар ҳар доим олдинга интилиши керак. Ҳеч қачон тўхтаб қолмаслиги, ўз устида ишлашдан чарчамаслиги зарур.
Тошкентга илк бор келганимда бу ерда яқинларим йўқ эди. Лекин вақт ўтиши билан турли келишувлар, ҳамкорликлар ва интилишлар катта мақсадларимнинг амалга ошишига йўл очди. Демак, ҳаракат қилган инсонга имконият ҳам очилади.
Келажакдаги режаларимиз катта: республика бўйлаб гастроль спектакллар қўйиш, сўзсиз, яъни ифодавий театр шаклидаги саҳна асарларини яратиш, хорижга чиқиб, у ерда ҳам намойишлар ўтказиш. Энг асосий мақсадимиз, ўзбек театрини жаҳонга ноанъанавий, замонавий услубда танитиш!
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/gO8UJf-LfXA" title="O`lmas Temur: “Teatr qimmat, chunki u tirik!”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Дилдора ДЎСМАТОВА, Нишонбой Абдувоитов,
Салим Обиджонов (видео), ЎзА