Ўлмас санъат устаси
Юртимиз қадимдан ўзининг бой маданий мероси, боқий анъаналари, халқ амалий санъати билан жаҳонга машҳур. Айниқса, ёғоч ўймакорлиги санъати миллий маданиятимизнинг муҳим қисми сифатида авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Ана шундай фидойи усталардан бири — Қашқадарё вилояти Касби тумани Месит маҳалласида яшовчи ёғоч ўймакор уста Зубайдулло Сатторовдир.
У 30 йилдан буён ушбу ноёб санъат тури билан шуғулланиб келмоқда. Бу йиллар давомида уста нафақат ҳунар сирларини мукаммал эгаллади, балки ўз ижодида миллий руҳ, анъана ва замонавийлик уйғунлигини намоён эта олди. Унинг қўлидан чиққан ҳар бир асарда нафақат меҳнат, балки юрак ҳарорати, сабр ва нозик дид мужассам.
-Ёғоч ўймакорлиги бу оддий касб эмас, балки сабр-тоқат, аниқлик ва чуқур тафаккур талаб этадиган санъатдир, –дейди Зубайдулло Сатторов. –Ҳар бир нақш ортида маъно бор. Жумладан, ислимий нақшлар — ҳаёт давомийлигини, гириҳ нақшлар — тартиб ва уйғунликни англатади. Шу боис у ҳар бир буюмга оддий маҳсулот сифатида эмас, балки маънавий қийматга эга асар сифатида ёндашади.

Ёғоч ўймакорлиги ҳунари устадан бир қанча соҳаларни мукаммал ўрганишни талаб этади. Ёғоч ўймакорлигида бирор буюм тайёр ҳолга келгунича ёғоч бир нечта мураккаб босқичлардан ўтади.
Ушбу санъатда қайрағоч, арча, ёнғоқ, тут, ўрик, чинор, тол, терак дарахтлари ёғочидан кўпроқ фойдаланилади. Чунки уларнинг таркибида смола (қатрон) кўп бўлиб, тезда чиримайди, тахтаси тўғри ва узун, силлиқ бўлиб, ишлов бериш осон. Айниқса, ёнғоқдан ясалган жиҳозлар сувга, турли об-ҳавога чидамлилиги сабабли узоқ йиллар хизмат қилади. Одатда тажрибали усталар ишлов бериш учун кунгай жойда ўсган ва кам бутоқли дарахтни танлашади. Бутоғи(кўзи) катта ёғочлардан тайёрланган буюмлар йиллар ўтиб ёрилиб кетиши мумкин.
Юртимизда ёғоч ўймакорлигининг ўзига хос йўналишлари мавжуд. Масалан, хивалик ҳунармандлар ясаган буюмларда ёғочнинг табиий ранги сақлаб қолинади. Юзаси ва замини лок ва зиғир ёғи билан бўялади. Бухоро ўймакорлиги эса жимжима нақшлари, заминида ранглардан фойдаланиши билан ажралиб туради. Қўқонлик усталар нақшни бўртмали, паргори услубида солишади. Биноларни безашда хусусан, эшик ва устунларга йирик, чуқур нақш ўйишади. Усталар ўйилган рельефнинг юзига тўқроқ ранг бериб, кейин локлайди.

Уста Зубайдулло Сатторовнинг ижодида эшиклар, устунлар, сандиқлар, мебель деталлари ва сувенирлар алоҳида ўрин тутади. Ҳар бир ишда миллийлик ва нафислик уйғунлашиб, томошабинни ўзига ром этади.
Уста йиллар давомида ҳунари ортидан кўплаб мукофотларга сазовор бўлган. У 2005 йилда ўтказилган “Ташаббус” танловида иштирок этгани унинг меҳнати эътироф этилганидан далолат. Ушбу танлов мамлакатимизда тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим лойиҳалардан бири ҳисобланади.
Бундан ташқари, устанинг ижод намуналари “Ўзбекистон ҳунармандчилиги дурдоналари” китобида чоп этилгани унинг санъатдаги ўрни ва салоҳиятини яна бир бор тасдиқлайди. Мазкур нашр Ўзбекистон ҳунармандчилигининг энг сара намуналари жамланган муҳим манбалардан бири саналади.

Бугунги кунда уста ўз билим ва тажрибасини ёш авлодга ўргатиб келмоқда. Чунки ҳунар — бу мерос. Агар у ўргатилмаса, йўқолиб кетиши мумкин. Шу боис Зубайдулло Сатторов нафақат ижод қилади, балки шогирдлар тайёрлаб, миллий санъатимизнинг давомийлигини таъминлашга ҳисса қўшмоқда.
Зубайдулло Сатторов каби усталар бор экан, миллий ҳунармандчилигимиз яшайди, ривожланади ва дунёга танилади. Уларнинг меҳнати — бу нафақат санъат, балки тарих, маданият ва миллий ўзликнинг ёрқин ифодаси. Ёғочга жон бағишлаган бундай усталар юртимиз фахри бўлиб қолаверади.
Гулноза Бобоева, ЎзА