Олиму фозиллар Хоразмда жам бўлди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Урганч давлат университетида “Тамаддун, маданият ва маърифат” ғояси остида зиёлилар форуми ташкил этилди.
“Маърифат карвони” лойиҳаси доирасида республиканинг бир гуруҳ зиёлилари Урганч давлат университетига ташриф буюрди. Университет Маданият саройида “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари” мавзусида ташкил этилган зиёлилар форумида Хоразм вилояти имом-хатиблари, маҳаллалар оқсоқоллари, ижодкор шоир ва ёзувчилар ҳамда олийгоҳ талаба-ёшлари иштирок этди.
Тадбирни вилоят ҳокими ўринбосари С. Салаев кириш сўз билан очиб берди. Сўнг кун тартибидан ўрин олган мавзулар бўйича маърузалар тингланди. Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишларининг мазмун-моҳияти, маънавий-маърифий соҳа ривожи, устувор вазифалар ҳақида атрофлича сўз юритилиб, видеороликлар намойиш этилди.
Форум зиёлиларни фаолликка ундаш, бугунги янгиланишлар, ўзгаришлар, изчил ислоҳотлар мазмун-моҳиятини халққа етказишда уларнинг бор билим ва салоҳиятини сафарбар этиш мақсадига қаратилган. Бу орқали юртимиздаги олиму фозилларни бир платформа, яъни, мулоқот майдонида жам қилиб, Ватанни юксалтиришдек эзгу ғоя атрофида бирлаштириш кўзда тутилган.
[gallery-20691]
Тадбир куннинг иккинчи ярмида “Янги Ўзбекистон – ислоҳотлар фалсафаси” мавзуидаги маънавий-маърифий анжуман билан давом этди.
Беҳзодбек САИДОВ (сурат), ЎзА