Олимпиада ғолиблари ва жаҳон чемпионлари Тошкент гиламида беллашади
Бугун, 27 март куни пойтахтимиздаги "Ҳумо арена" мажмуасида спорт курашлари бўйича дунёнинг энг кучли ва маҳоратли спортчилари иштирокида “PWL 11” мусобақаси ўтказилади.
Кеча мазкур турнир олдидан вазн ўлчаш маросими ва матбуот анжумани ташкил этилди.

Матбуот анжуманида иштирок этган ташкилотчилар, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси мутасаддилари, спортчилар, мураббий ва ҳакамлар турнирнинг ташкилий жиҳатлари, беллашувларнинг техник тамойиллари, ҳакамлик ҳамда совринли ўринларга даъвогарлик қилаётган спортчилар тўғрисида маълумот берди.

Анжуманда таъкидланганидек, мусобақада 24 беллашув ўтказилади. Турнирнинг марказий баҳси юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, жаҳон ва қитъа чемпиони Айтжан Халмаханов ҳамда "Токио-2020" Олимпиадаси ғолиби, "Париж-2024" совриндори, жаҳон чемпиони, кубалик Луис Орта Санчес ўртасида бўлиб ўтади.

Шунингдек, нуфузли турнир доирасида Разамбек Жамалов, Заурбек Сидаков, Заур Угуев, Акжол Маҳмудов, Ғуломжон Абдуллаев, Ризабек Айтмухан каби спорт курашлари вакиллари иштирокидаги беллашувлар мухлисларга ёрқин таассуротларни тақдим этиши кутилмоқда.
Т.Рўзиев,
ЎзА