Олимлар ва амалиётчилар ҳамкорлиги
Жиззах вилояти Фориш туманида дашт яйловлари шароитида дағал ем-хашакдан фойдаланиш самарадорлигини механик ишлов бериш йўли билан ошириш масаласига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Жиззах вилояти Фориш туманида дашт яйловлари шароитида дағал ем-хашакдан фойдаланиш самарадорлигини механик ишлов бериш йўли билан ошириш масаласига бағишланган семинар бўлиб ўтди.Қурғоқчил минтақалар бўйича қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари халқаро маркази – “ICARDA”нинг ер ресурсларини барқарор бошқариш лойиҳаси доирасида ташкил этилган семинарда қишлоқ хўжалиги ташкилотлари, илмий муассасалар мутахассислари, вилоятдаги чорвадор фермерлар иштирок этди.
Фориш туманида қишлоқ хўжалиги, айниқса, чорвачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чорвадорларнинг банк кредитлари билан қўллаб-қувватланаётгани, озуқа ва ёнилғи билан таъминлаш, солиқ соҳаларида берилган имтиёзлар соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этаётир. Президентимизнинг 2008 йил 21 апрелдаги "Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва моллар кўпайтиришни рағбатлантиришни кучайтириш ҳамда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Туманда 11 қоракўлчилик ширкати, юздан ортиқ чорвачилик йўналишидаги фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурида чорвачиликнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш, яйловлар ҳосилдорлигини ошириш, тармоққа янги технологияларни жорий этиш муҳим вазифа этиб белгиланган.
Семинарда яйловлардан самарали фойдаланиш, унинг унумдорлигини ошириш, озуқа етиштиришни кўпайтириш масалалари бўйича амалга оширилаётган ишлар, илмий муассасалар томонидан яратилган янги технологиялар хусусида атрофлича сўз юритилди. Озуқа тайёрлайдиган замонавий механизм ва ускуналар намойиш этилди. Жумладан, Тошкент давлат аграр университети олимлари томонидан яратилган бир соатда 100 килограмм буғдойни майдалаб емга айлантириш учун битта чироққа тенг электр энергияси сарфлайдиган дастгоҳ иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
– Биз янги инновацион технологияларни намойиш этиш билан бирга, чорвадорларнинг қандай дастгоҳ ва асбоб-ускуналарга эҳтиёжи борлигини ҳам ўргандик, – дейди Тошкент давлат аграр университети докторанти Жаббор Алижонов. – Шу мақсадда уларни янги ғоялар асосидаги чизмалар билан таништирдик. Чорвадорлар билан бундай юзма-юз мулоқот янги ғоялар устида ишлашимизда асқотади. Шу жиҳати билан ушбу тадбир жуда фойдали бўлди.