Олима аёл – жамият кўзгуси
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси қарорига кўра, 2016 йилдан бошлаб ҳар йили 11 фeвраль – “Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар халқаро куни” сифатида нишонланади.
БМТ Бош Ассамблeяси томонидан 2013 йил 20 дeкабрда “Тараққиёт мақсадларидаги фан, тeхника ва инновациялар” тўғрисида рeзолюция қабул қилинган. Ҳужжатда ушбу соҳадаги гeндeр тeнгликни таъминлаш кафолати сифатида исталган ёшдаги аёллар ва қизларнинг фан, тeхника ва инновациялар ютуқлари ривожидан тeнг ва тўлақонли фойдаланиш имконияти эътироф этилди.
Орадан икки йил ўтиб БМТ Бош Ассамблeясининг 2015 йил 22 дeкабрда бўлиб ўтган ялпи мажлисида 11 фeврални “Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар халқаро куни” сифатида нишонлаш ҳақида рeзолюция қабул қилинди. Мана саккиз йилдирки ушбу сана жаҳон жамоатчилиги томонидан кенг нишонланиб келинмоқда.

Мамлакатимизда кенг нишонланаётган Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар халқаро куни муносабати билан Андижон вилоятидаги олий ўқув юртларида ҳам турли тадбирлар ўтказилди.
Андижон вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббусчи билан Андижон давлат педагогика институтида “Олима аёл – жамият кўзгуси” деб номланган мотивацион психологик тренинг ана шундай тадбирлардан бири бўлди. Унда олима аёллар ва илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчи хотин-қизлар иштирокида турли интерактив машғулотлар ўтказилиб, аёллар ва қизларнинг илм-фан билан тўлақонли фойдаланишларига тенг имкониятлар яратиш, шунингдек, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш хусусида атрофлича сўз юритилди. Мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Вилоятдаги таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган олима аёллар, илм-фан билан шуғулланаётган тадқиқотчи ва талаба қизлар иштирокида Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида ўтказилган байрам тадбирида эса мамлакатимизда, хусусан, Андижонда олима ва илм-фан билан шуғулланаётган опа-сингилларимиз доимий равишда қўллаб-қувватлаб келинаётганлиги, уларнинг самарали иш олиб боришлари учун зарур шароитлар яратиб берилаётганлиги таъкидланди.
– Бугун кунда вилоятимизда турли йўналишларда илмий-тадқиқот ишлари олиб бораётганларнинг салмоқли қисмини хотин-қизлар ташкил этади, – дейди Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнорахон Абдуллаева. – Бундан ташқари, ахборот технологияси соҳасида иш олиб бораётган хотин-қизлар сафи ҳам тобора ортиб бормоқда. Бу албатта, юртимизда аёлларга, хусусан, илм-фан билан шуғулланаётган опа-сингилларимизга кўрсатилаётган эътибор, яратиб берилаётган кенг имкониятлар самарасидир.

Байрам тадбири доирасида ўтказилган давра суҳбатида вилоятда олима аёллар томонидан олиб борилаётган ишлар, ютуқ ва муаммолар атрофлича таҳлил қилинди. Бу борада мавжуд имкониятлардан янада кенгроқ фойдаланиш, ёшларни илмий-тадқиқот ишларига кўпроқ жалб этиш лозимлиги алоҳида қайд этилди.
Тадбир давомида ёш олимлар, илмий тадқиқот ишлари олиб бораётган иқтидорли талабаларнинг инновацион ғоялар, илмий ишланмалар кўргазмалари намойиш этилди. Якунда илм-фан соҳасида фаол иш олиб бораётган бир гуруҳ олима аёллар, тадқиқотчи қизлар, иқтидорли талабалар “Интеллектуал изланувчи” кўкрак нишони, диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (фото),
ЎзА