ОКМК: Янги дам олиш маскани ишчиларга мунтазир
Виқорли тоғлару, бетакрор табиати ва шифобахш ҳавоси билан ном қозонган Жиззах вилоятининг Зомин туманида Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг янги дам олиш маскани қад ростлади.
Мазкур дам олиш сиҳатгоҳи жорий йилнинг 21 ноябрь куни тантанали равишда фойдаланишга топширилди.

Масканнинг очилиш тадбирида ОКМК раҳбарияти, Зомин тумани ҳокимлиги масъуллари, пудрат ташкилоти вакиллари, меҳнат фахрийлари иштирок этишди.
Тадбирда сўз олганлар Олмалиқ кон-металлургия комбинатида ишчи ходимларнинг ижтимойи ҳимояси устувор вазифалардан бири эканлигини, масканда ишчи-ходимлар саломатликларини тиклаши ва ҳордиқ олишлари учун барча шароитлар яратилганини ва бу сиҳатгоҳ уларнинг севимли масканига айланишини таъкидлаб ўтишди.

Тадбир иштирокчилари сиҳатгоҳда яратилган шароитлар билан танишишди.
Мазкур сиҳатгоҳ 5 гектар ер майдонини эгаллайди. Қурилиш ишлари комбинатнинг “Олмалиқметаллургқурилиш” трести ҳамда “Осиё Қурилиш Имкон Сервис” МЧЖ томонидан амалга оширилди.

Сиҳатгоҳ 180 кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга.
Шунингдек масканда кутубхона ва ўқув биноси, муолажа,кир ювиш биноси, сауна ва ёпиқ чўмилиш сув ҳавзаси, дам олиш учун шийпончалар, болалар ўйингоҳлари, футбол майдони, автотураргоҳ ва автотранспортларга хизмат кўрсатиш биноси, кўнгилочар дастурлар учун алоҳида бино, 180 кишига мўлжалланган икки қаватли ошхона фаолият юритади.

Дам олиш маскани биноларининг энергосамарадорлигини ошириш мақсадида фасад қисми базальт қопламаси билан қопланди.
Ҳудудда тўлиқ кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Оромгоҳ дам олувчилари уч маҳал овқат билан таъминланади. Соғлиқ учун зарур бўлган тоғ арчаларидан таралаётган шифобахш тоза ҳаво ва ер қаъридан чиқаётган минерал сувлари дам олувчиларнинг нафас йўллари фаолиятини мустаҳкамлайди ва соғлиғини тиклаши билан аҳамиятлидир.
Дам олиш масканининг қурилиш ишларига 80 млрд сўм маблағ сарфланди.

Эътиборлиси, дам олиш масканининг фойдаланишга топширилиши натижасида 78та янги иш ўринлари яратилди.
Эндиликда комбинат ишчи-ходимлари яна бир замонавий сиҳатгоҳда дам олиш имконига эга бўлишди.


ОКМК Матбуот хизмати