ОКМК: экспорт жуғрофияси кенгаймоқда
Олмалиқ кон-металлургия комбинати меҳнат жамоаси томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспорти борасида ўтган 7 ойда прогнозлар бажарилди. Жумладан, 354 682 000 долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилди. Белгиланган режа 113,6 фоизга бажарилди.
Маҳсулотлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, 29759 тонна мис, 15157 тонна рух маҳсулотлари хорижлик импортёрларга юборилган. Шунингдек, рух купороси, мис купороси, рений, кадмий, палладий кукуни, молибден маҳсулотлари, қўрғошин концентрати каби маҳсулотларнинг экспортида белгиланган прогнозлар бажарилган.


Бугунги кунда мамлакатимизда хом ашёдан юқори қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Юртимизда қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш жадал ривожланиши оқибатида ички бозорда мисга бўлган талаб кундан-кунга ошмоқда. Шунингдек, комбинатда қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Маълумот учун: йилдан йилга экспорт географияси кенгайиб бормоқда. Ҳозирда комбинат маҳсулотлари 19 та давлатга экспорт қилинмоқда. 2024 йилдан янги бозорлар ўзлаштирилди. Жумладан, жорий йилдан бошлаб Гвинея, Сенегал, Сербия, Жанубий Африка Республикаси, Марокаш, Португалия каби давлатларга мис катанкаси ва мис купороси экспорти амалга ошириляпти.
ОКМК ахборот хизмати