Ҳоким қарори бекор қилинди
Суднинг ҳал қилув қарорига асосан туман ҳокимлигининг 2016 йил 12 мартдаги 210-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилди.
Бухоро вилояти Шофиркон тумани, Тезгузар маҳалла фуқаролар йиғини Болтақара қишлоғида яшовчи «Нусратбобо» фермер хўжалиги раҳбари, фуқаро Ғ.А туман ҳокимлигининг айрим мансабдор шахслари хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб туман ҳокимининг 2016 йилдаги ноқонуний қарорини бекор қилишни сўраб қилган мурожаати Шофиркон туман адлия бўлими ходимлари томонидан ўрганилди.
Ўрганиш давомида аниқланишича, туман ҳокимлиги томонидан 2004 йилда «Нусратбобо» фермер хўжалигига 2,95 гектар экин ер майдони ҳамда 2012 йилда қўшимча равишда туман ҳокимининг қарори билан 64 гектар қўшимча ер майдони ажратилган. Бироқ туман ҳокимининг 2016 йил 12 мартдаги 210-сонли қарорига асосан фермер хўжалигига тегишли 40,6 гектар ер майдони фермер хўжалиги раҳбарининг ер участкасидан ихтиёрий воз кечиш тўғрисидаги сохта имзоли аризасига асосан туман ҳокимлиги захирасига қайтарилган. Шофиркон туман прокуратурасининг 2020 йил 20 февралдаги хабарномасига кўра «Нусратбобо» фермер хўжалиги ер майдонларини туман ҳокимлиги захирасига қайтариш тўғрисида ёзилган аризадаги имзо фуқаро Ғ.А. томонидан қўйилмаганлиги, имзо шахсини аниқлаш имкони бўлмаган номаълум шахс томонидан қўйилганлиги маълум қилинган.
– Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддаси биринчи қисмининг 1, 2, 6 — 10, 12, 13-бандларида назарда тутилган ҳолларда ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини тугатиш, ушбу Кодекснинг 24-моддасида назарда тутилган тартибда ер участкасининг ижара шартномасини бекор қилиш йўли билан амалга оширилиши белгиланган бўлиб, ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилиши кўрсатилган, – дейди Шофиркон туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси Шоҳрух Саидов. – Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 12-моддасида давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқароларнинг ёки юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилиши кўрсатилган.
Юқоридаги ҳужжатларга асосланиб туман адлия бўлими ходимлари томонидан Шофиркон тумани ҳокимининг 2016 йил 12 мартдаги 210-сонли қарори амалдаги ерга доир қонун ҳужжатлари талабларига зид эканлиги аниқланган. «Нусратбобо» фермер хўжалиги раҳбари, фуқаро Ғ.А.нинг манфаатларини кўзлаб туман ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида Шофиркон туман маъмурий судига ариза киритилди. Суднинг ҳал қилув қарорига асосан туман ҳокимлигининг 2016 йил 12 мартдаги 210-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилди.