Оилавий бахтни ҳис этиш, асраш керак
Жиззах вилояти мусиқали драма театрида оилаларда маънавий, аҳлоқий муҳитни мустаҳакамлашга бағишлаб "Оилам бахти ўз қўлимда"шиори остида маънавий-маданий кеча ташкил этилди.
Вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, вилоят маънавият ва маърифат тарғибот маркази шаҳарда мусиқа ва санъат мактаблари билан ҳамкорликда ташкил этган тадбирда барча туманлардан вакиллар иштирок этди.
Кеча аввалида санъат мактаби ўқувчиларининг оила мавзусидаги ижодий ишлари кўргазмаси намойиш этилди. Оила ҳақида ўзларининг қарашлари тасвирланган энг яхши ижодий ишларнинг муалифлари тадбир ташкилотчиларининг эсталик совғалари билан тақдирланди.
Шундан сўнг вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси томонидан октябрь ойида эълон қилинган "Оилам мустаҳкам қўрғоним" мавзусидаги иншолар танловининг ғолибларини ҳам тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда "Энг бахтли оила", "Энг сабрли оила”, "Энг кучли оила" каби уч номинация бўйича ўтказилган танловда энг яхши деб топилган иншо муалифи бўлган оила вакилларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
– Мен “Энг бахтли оила” мавзусидаги иншони гўзал сатрлар ёки шоирона сўзлар билан ёзмагандим, – дейди танловнинг “Энг бахтли оила"номинацияси ғолиби Пахтакор туманилик Зуҳра Пирматова. – Иншода ҳаётда ўзим бошдан кечирган қийинчиликлар, синовлар, уларни енгиб ўтишдаги муваффаққиятларим ҳақида ёздим.
Бугунги ҳаётимизда кўп қўлланилаётган Гендир тенглигига муносабат билдирдим. Тенг ҳуқуқлилик, эркак ва аёлнинг оиладаги ўрнини алмаштирмайди. Барибир ҳар қандай оилада эркак ва аёлнинг ўз ўрни борлигини иншо мазмунига сингдиришга ҳаракат қилдим. Ҳар бир оиланинг ўз бахти бор. Бу бахтни ҳис этиш, асраш керак.
Тадбирнинг бадиий қисми янада мароқли кечди. Иштирокчилар вилоят мусиқали драма театри ижодкорлари томонидан намойиш этилган "Танҳо юлдуз" спектаклини мириқиб тамоша қилишди.





Т.БЕКНАЗАРОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА