Оҳангларда баҳор нафаси
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир” ғояси асосида умумхалқ байрами кўтаринки руҳ, самимият ва миллий қадриятлар уйғунлигида кенг нишонланди.
Баҳорнинг илк нафаси сезилиб, табиат уйғонаётган, қалбларда янгиланиш ва эзгулик туйғулари жўш ураётган ушбу файзли кунларда филиал ҳудуди ҳам ўзгача шукуҳ ҳамда тароват касб этди. Байрам тадбирига Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раҳбарияти, олий таълим муассасалари ректорлари, нуфузли меҳмонлар ҳамда филиал жамоаси ташриф буюриб, Наврўзнинг файзли лаҳзаларини биргаликда баҳам кўрдилар.
Тадбирда сўзга чиққанлар барчани ушбу қутлуғ айём билан самимий муборакбод этди. Наврўз азалдан халқимиз қалбида яшаб келаётган меҳр-оқибат, бағрикенглик ва янгиланиш рамзи эканини алоҳида таъкидланиб, йиғилганларга сиҳат-саломатлик, барака ва муваффақиятлар тилашди. Байрам дастури миллий анъаналар ва қадриятларимизни ўзида мужассам этган ранг-баранг чиқишларга бой бўлди.
Майдонларда миллий ўйинлар қизғин тус олиб, спорт мусобақалари ёшларга шижоат ва кўтаринки кайфият бағишлади. Ҳар бир иштирокчи ушбу жараёнда нафақат беллашди, балки ҳақиқий байрам шавқини ҳис этди.
Алоҳида эътиборга сазовор жиҳатлардан бири – миллий таомлар кўргазмаси бўлди. Унда меҳмондўстлик ва пазандачилик санъатининг ноёб намуналари намойиш этилди, дастурхонлар эса файз ва баракага тўлди. Дошқозонда сумалак қайнатилди. Қозон атрофида жам бўлганлар эзгу ниятлар билдириб, асрлар давомида сайқал топган қадимий удумларни давом эттирди.
Тадбирнинг бадиий қисми эса байрамга янада файз бағишлади. Санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар, миллий руҳдаги саҳна кўринишлари ва жозибадор рақслар иштирокчиларга завқ улашди. Ҳар бир оҳангда баҳор нафаси, ҳар бир ҳаракатда эса миллийлик ифодаси яққол сезилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.