Оҳангарон тажрибаси самаралари (+видео)
Фармон ва ижро
Чорвадорлар учун қиш энг масъулиятли мавсум ҳисобланади. Бу пайтда қўй ва эчкиларнинг маҳсулдорлиги ем-хашакнинг сифати ва миқдорига боғлиқ.
Оҳангарон туманида ҳам чорвачилик, хусусан, қўйчиликни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўз натижасини бермоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган дастур бўйича замонавий чорва комплекслари ишга туширилмоқда. Айниқса, бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан соҳа олимларининг инновацион лойиҳаларини амалиётга татбиқ қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Президентимизнинг 2021 йил 1 апрелдаги “Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони билан Оҳангарон тумани инновацион ҳудудга айлантирилди. Шу асосида Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти Оҳангарон бўлими фаолияти йўлга қўйилгани эса бунда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Мақсад ҳудудда чорвачилик ва наслчиликни ривожлантириш, тармоқдаги янги лойиҳаларни амалиётга жорий қилиш, бу борада фермер хўжаликлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишдир. Аслида Оҳангарон туманинг асосий қисми қир-адирлардан иборатлиги ва иқлим нисбатан юмшоқлиги туфайли зотли қўй ва эчкиларни кўпайтиришга қулай. Бу эса мазкур йўналишда тармоқ хўжаликларининг фаолиятини янада ривожлантиришга имкон беради.
Ўтган даврда институт олимлари томонидан айнан қўйчиликка эътибор қаратилиб, истиқболи порлоқ лойиҳалар амалга оширилди. Улардан бири хориждан майин жунли, гўштдор-сержун меринос қўйларини олиб келиш ва маҳаллий қўйларнинг зотини яхшилаш борасидаги ишлардир. Шу мақсадда бир неча йил илгари хориждан олиб келинган наслли қўчқор ва қўйлар ҳудудда кўпайтирилмоқда.
Мазкур институт Оҳангарон бўлими бошлиғи, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Нураддин Рўзибоевнинг таъкидлашича, меринос зотли қўй яйловларни исроф қилмайди, унинг гўшти мармарсимон, ширали, парҳезбоп. Жуни эса тўқимачилик саноати учун хомашё сифатида ишлатилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 ноябрдаги қарорига асосан институтнинг Оҳангарон бўлимида ўқув-тажриба хўжалиги ташкил этилди. Бунинг учун ҳудуддан 106 гектар лалми ва 580 гектар яйлов ерлари ажратилди. Жаҳон банкидан 5,5 миллиард сўм маблағ берилди. Келгусида илмий марказ ва махсус қўйхоналар бунёд бўлади. Эришилган натижалардан яна бири –гўшт-ёғ маҳсулдорлигини ошириш бўйича жайдари зотли қўйларнинг янги “Ақчасой” типи яратилган бўлиб, Интеллектуал мулк агентлигига патент олиш учун тадқиқот натижалари юборилди. Яқин кунларда бу бўйича катта янгилик бўлиши кутилмоқда.
– Мақсад охирги 60 йилдан бери мамлакатимизда қўйларнинг зотини яхшилаш борасидаги тўхтаб қолган илмий ишларни қайта бошлашдир, – дейди олим. – 2026 йилгача гўштдор-сержун қўйларнинг янги зотини яратиш ишлари тугатилиши режалаштирилган. 2017 йилда битта фермер хўжалигида 105 бош шу турдаги қўйлар бўлган бўлса, ҳозир 6 та хўжаликда уларнинг бош сони 3 мингдан ошди. Эндиликда уларнинг генофондини сақлаш ишлари олиб борилмоқда.
[gallery-16024]
Мутахассисларнинг таъкидлашича, яйловлар деградацияси ва чўлланиш муаммоси ҳам борган сари чорвачилик хўжаликлари ривожига хавф солмоқда. Мавжуд ҳудудларда озуқабоп ўсимликлар майдони қисқариб кетган. Бунинг асосий сабабларидан бири эса далаларда қўй-эчкиларни тартибсиз боқишдир. Бу тармоқ хўжаликлари учун қайта тикланувчи ем-хашак ҳосил қилиш имкониятини издан чиқариб, яйловларни чорвачилик мақсадларида фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатга келтирмоқда. Ягона чора сифатида белгиланган майдонларда озуқабоп ўсимликларни кўпайтириш ва чорвадорларга бу борада тўғри тавсиялар беришдир.
Бу ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида туманнинг кенг қир-адирлари, тоғ ён бағирларига бордик. Ҳозир қўзилатиш мавсуми бошланган. Чўпонлар билан суҳбатда бу ҳақда ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик. Шу билан бирга, меринос қўйларининг боқилишини ҳам кўздан кечирдик.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/tqOitq4h1s4" title="Ohangaron tajribasi samaralari" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>А.Мусаев, Д.Эрназаров (сурат,видео), ЎзА мухбирлари