Оғир атлетика: Ўзбекистон кубоги Навоий ва Термиз жамоаларига насиб этди
Термиз шаҳрида оғир атлетика бўйича ўсмирлар (U17) ва кичик ўсмирлар (U-15) ўртасида поёнига етган Ўзбекистон кубоги мусобақалари мамлакатимизда ушбу спорт турига қизиқувчи ёшлар сафи янада ортганини кўрсатди.
Ўсмирлар мусобақасида 22 та жамоанинг маҳоратли ёш оғир атлетикачилари совринли ўринларга даъвогарлик қилган бўлса, уларнинг 14 таси олтин медалларни қўлга киритди.

Шиддатли кечган мусобақалар сарҳисобига кўра, Навоий вилояти олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази жамоаси 4 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза медали билан мамлакат кубогига эга чиқди. 2-ўрин 4 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медаль соҳиби бўлган Хоразм вилояти жамоасига насиб этди. Кучли учликка 3 та олтин, 2 та кумуш, 1 та бронза медаль жамғарган Қарши олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази оғир атлетикачилари якун ясади.

Мусобақанинг кичик ўсмирлар ўртасидаги баҳсларида 25 та жамоа қатнашиб, улар орасида Хоразм вилояти вакиллари 5 та олтин, 3 та кумуш, 2 та бронза медали билан Ўзбекистон кубогига эгалик қилган вазиятда, Термиз олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази жамоаси 4 та олтин, 2 та кумуш медаль билан 2-поғонани банд этди. 3-ўрин 3 та олтин медални қўлга киритган Сурхондарё жамоасига тегишли бўлди.
Т.Рўзиев,
ЎзА