Одил Ёқубов ижоди – миллий адабиётимизнинг бебаҳо мероси
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ҳамкорлигида халқ ёзувчиси Одил Ёқубов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган республика илмий анжумани ташкил этилди.
«XX аср ўзбек насрида Одил Ёқубов ижодининг ўрни» деб номланган мазкур илмий тадбирда адибнинг бой адабий мероси, ўзбек насри тараққиётига қўшган ҳиссаси ва ижодий маҳорати атрофлича муҳокама қилинди.
Анжуман мамлакатимизда миллий адабиётимиз тарихини чуқур ўрганиш, буюк сўз санъаткорларининг ҳаёти ва ижодини кенг тарғиб этиш, уларнинг маънавий меросини келажак авлодга етказиш борасида амалга оширилаётган ишлар доирасида ташкил этилган.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 1 апрелдаги тегишли фармойишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов таваллудининг 100 йиллигини муносиб нишонлашга қаратилган.

Илмий анжуманда таниқли адабиётшунос олимлар, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлар ва ёш тадқиқотчилар иштирок этди. Унда адиб ижодининг ўзбек адабиёти тараққиётидаги ўрни, асарларининг бадиий-эстетик хусусиятлари, қаҳрамонлар руҳиятини очиб бериш маҳорати, тарихий воқелик ва бадиий талқин уйғунлиги каби масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Одил Ёқубов ўзбек адабиётида инсон тақдири, замон ва шахс муносабатлари, маънавий қадриятлар, виждон ва адолат каби муҳим мавзуларни қаламга олган ижодкор сифатида алоҳида ўрин тутади. Унинг асарларида инсоннинг ички кечинмалари, ҳаёт синовлари қаршисидаги танлови, жамиятдаги ўзгаришлар ва миллий ўзликни англаш масалалари ўзига хос бадиий талқин топган. Адиб қаҳрамонлари орқали ўқувчини ҳаёт ҳақида мушоҳада юритишга, воқеа-ҳодисалар моҳиятига чуқурроқ назар ташлашга ундайди. Айниқса, ёзувчининг тарихий мавзудаги асарлари ўзбек насрининг бадиий имкониятларини намоён этиши билан аҳамиятлидир. Уларда тарихий шахслар тақдири, давр зиддиятлари, ҳокимият ва инсон муносабатлари, ҳақиқатни англаш ва уни ҳимоя қилиш масалалари маҳорат билан ёритилган. Тарихий воқеликни бадиий тафаккур орқали қайта жонлантириш, ўтмиш сабоқларини бугунги кун билан боғлаш адиб ижодининг муҳим хусусиятларидан ҳисобланади.

Анжуман давомида тингланган илмий маърузаларда ҳам Одил Ёқубов асарларининг ғоявий-бадиий мазмуни, насрий тафаккур тараққиётига таъсири, ёзувчи услубининг ўзига хос жиҳатлари ва адабий меросининг бугунги адабиётшунослик учун аҳамиятига эътибор қаратилди. Олимлар томонидан адиб асарларини янги илмий ёндашувлар асосида тадқиқ этиш, уларда илгари сурилган ғояларни замонавий адабий жараёнлар билан қиёсий ўрганиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Бундай илмий мулоқотлар, аввало, адабиётшуносликдаги мавжуд тадқиқотларни бойитиш, адиб ижодининг ҳали тўлиқ ўрганилмаган қирраларини кашф этиш ва илмий изланишлар кўламини кенгайтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, тажрибали олимлар билан ёш тадқиқотчилар ўртасидаги фикр алмашинуви янги илмий ғояларнинг шаклланиши, адабий меросга нисбатан қизиқишнинг ортиши учун муҳим имконият яратади.

Илмий маърузалар ва мунозаралар орқали ёш тадқиқотчилар адиб ижодига оид янги маълумотлар билан танишиш, ўз қарашларини бойитиш ва илмий изланишларини янада ривожлантириш имконига эга бўлди.
Н.Усмонова,
ЎзА