Одамлар, авайланг, бир-бирингизни!
Ўзбекистон халқ шоири Жуманиёз Жабборов таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Ўзбекистон давлат Консерваторияси билан ҳамкорликда маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Шоир ва драматург Жуманиёз Жабборов 1930 йилда Қашқадарё вилоятида дунёга келган. Ярим асрлик ижодий фаолияти давомида шоир ўзининг «Ватанимни куйлайман», «Баҳор нафаси», «Мақсад йўлида», «Тоғлар садоси», «Она ер қўшиғи», «Субҳидам хаёллари», «Эътиқод» каби шеърий китоблари, шунингдек, бошқа долзарб мавзуларда ёзган драматик асарлари, жаҳон мумтоз адабиётининг энг яхши бадиий таржималари билан ўзбек адабиётидан муносиб ўрин эгаллаган.

Айниқса, Жуманиёз Жабборов замондошларимиз ҳаёти ва меҳнати ҳақидаги кўплаб публицистик мақолалар муаллифи ҳамдир.
Жуманиёз Жабборов меҳнат фаолиятини 1953 йил «Шарқ юлдузи» журналида бўлим мудирлигидан бошлаган. «Гулхан» журналининг бош муҳаррири, «Ўзбекистон овози» газетасининг бош муҳаррир ўринбосари, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти директори каби лавозимларда ишлаб, ватанимизнинг адабиёт ва санъати ривожига улкан ҳисса қўшган. Давлатимиз томонидан Ўзбекистон халқ шоир Жуманиёз Жабборовнинг қилган меҳнатлари муносиб баҳоланиб келинди. 1980 йил «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» унвони билан тақдирланди.
Шоир ижодига бўлган эҳтиром сифатида ўтказилган мазкур тадбирни Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари, педагогика фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Қуронов кириш сўзи билан очди. Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон шоирни хотирлар экан, шеърлари оҳанг билан туғилганлиги, бугунги кунда ўзбек қўшиқчилигини бой меросига айланганини, ватанга муҳаббат, ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғота олишлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон давлат Консерваторияси профессори, Ўзбекистон Республикаси композитор ва бастакорлари уюшмаси аъзоси Дилором Омонуллаева, Ўзбекистон давлат Консерваторияси ўқув ишлари бўйича проректори, Ўзбекистон Республикаси композитор ва бастакорлари уюшмаси аъзоси Аваз Мансуров шоир Жуманиёз Жабборов билан бўлган ижодий ҳамкорликларини хотирлашди.
Шоир Байрон, Лермонтов, Р.Тагор каби жаҳон адабиёти намояндаларининг ижодидан қилган таржималари билан ўзбек адабиёти хазинасига муносиб ҳисса қўшди. Жуманиёз Жабборов моҳир ва сермаҳсул таржимон сифатида Абулқосим Фирдавсийнинг «Шоҳнома» асарини ўз она тилида сўзлатган. У моҳир шоир, ҳикоянавис, очеркнависгина эмас, таниқли драматург сифатида ҳам баракали ижод қилиб келди. Айниқса, у яратган «Ўжарлар» (1971), «Йиллар ўтиб» (1975), «Тўйдан олдин томоша» (1979), «Менинг оппоқ кабутарим» каби драмалари Тошкентда, қатор вилоят театрларида, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон республикалари саҳналарида қўйилиб келди.
Ҳилола Иброҳимова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази мутахассиси