Одам савдосининг олдини олиш бўйича билим ва кўникмалар
Пойтахтимизда Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ва Халқаро миграция ташкилоти ҳамкорлигида маҳаллалардаги ёшлар етакчилари учун ўқув-семинар ташкил этилди.
Статистик маълумотларга кўра, дунёда ҳар йили 2 миллион нафардан ортиқ киши одам савдоси қурбонига айланмоқда. Одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизини эса хотин-қизлар ва ёшлар ташкил этмоқда.


Бугунги кунда кўплаб ёшларимиз чет элга ўқиш ёки ишлаш мақсадида чиқмоқда. Аммо улар ўзининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўлиқ билмаслиги турли муаммоларга сабаб бўлади.


Ана шундай муаммоларнинг олдини олиш ва ёшларни хабардор қилиш мақсадида ташкил этилган тадбирда хавфсиз миграция, молиявий саводхонлик ҳамда одам савдосининг олдини олиш бўйича янги билим ва кўникмалар хусусида сўз борди. Одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида тушунчалар берилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА