Одам бўлиш учун китоб ўқишнинг ўзи етарли…
23 апрель – Халқаро китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни
Китоб ўқишга қизиқмаслик – ўзи чўлда чанқаб юрган ҳолида олдидан чиққан булоқнинг сувидан симира олмаётган киши кабидир. Дарҳақиқат, китобнинг биринчи вазифаси инсонда эзгуликни шакллантиради. Албатта, ҳамма ҳам олим бўла олмас, аммо одам бўлиш учун китоб ўқишнинг ўзи етарли.
23 апрель – Халқаро китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни. 1995 йил Парижда бўлиб ўтган ЮНEСКОнинг Бош конференциясида китоблар ва муаллифларга эҳтиром билдириш мақсадида барча китоб ўқиб ҳузур топишга чақирилди.
Китоб орқали инсоният ижтимоий ва маданий ривожланишига кўмаклашганларни ҳурмат қилиш маъносида шу кун «Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни» деб эълон қилинди. Резолюцияда таъкидланишича, бу кунда китоб кўргазмалари, ярмаркалар ўтказиш самара беради. 2001 йилдан бошлаб бирор шаҳар тайин этилиб, унга бир йил давомида «Жаҳон китоб маркази» деган унвон бериш анъанага айланган.
Жаҳон китоб маркази бўлган шаҳарлардан – Мадрид (Испания), Искандария (Миср), Нью-Дели (Ҳиндистон), Монреал (Канада), Богота (Колумбия), Байрут (Ливан), Любляна (Словения), Буэнос-Айрес (Аргентина), Ереван (Арманистон), Бангкок (Таиланд) ва Шаржа (БАА) шаҳарларини эслаб ўтиш мумкин.
Юртимизда ҳам бу кунда турли давралар, адабиёт вакиллари, шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар ташкил этилади. Айни мақсадларга ҳамоҳанг ҳолда мамлакатимиз аҳолиси, хусусан, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб этиш, уларнинг бу борадаги интилишларини рағбатлантириш йўлида кўплаб эзгу лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 12 январь куни «Китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган» фармойиш эълон қилинган эди. Шу фармойиш билан бир қаторда 2017 йил 18 апрелда китоблар тарғиботи ва ижодда пешқадам бўлган улуғ ижодкорларимиз хотирасини абадийлаштириш йўлида «Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Адиблар хиёбонини барпо этиш тўғрисида»ги қарор ҳам имзоланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш Миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра китобхонлик маданиятини ривожлантириш, ижодкорлар, ноширлар ва китоб тарқатувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини самарали ташкил этиш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган мақсадлар белгилаб берилди.
Зиё манбаи бўлмиш китобларга таъриф берадиган бўлсак, Соҳибқирон Амир Темур таъбири билан айтганда, «Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир».
Бу ҳақда дунё файласуфлари ҳам ўз фикрларини қўйидагича ифодалаган:
Цицерон: «Китобсиз уй – қалбсиз танага ўхшайди».
Эрнест Ҳемингуэй: «Китобдек ақлли ва содиқ дўст йўқ».
Оскар Уайлд: «Кўпчилик одамлар жонсиз деб билган китоб уларга қанчалик саводсиз эканликларини исботлаб бера олади».
Томас Жефферсон: «Китобнинг бизга ўргатадиган энг улкан сабоғи – тўғрисўзликдир».
Марк Твен: «Саводли бўла туриб китоб ўқимаган кишининг саводсиздан фарқи йўқ».
Абдулазиз РУСТАМОВ тайёрлади, ЎзА