Очиқлик индекси тизими жорий этилди
Давлат органлари ва ташкилотлари расмий веб-сайтининг бош саҳифасида очиқ эълон қилиниши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар алоҳида бўлимга жойлаштирилган ҳолда эълон қилиниши керак.
Бу тартиб 2022 йил 1 июлдан бошлаб жорий этилган бўлса-да, етарлича бажарилмаётгани маълум бўлди. Жумладан, 121 давлат органи ва ташкилотининг 37 таси алоҳида бўлим расмий веб-сайтнинг бош саҳифасида ташкил этмаган, 15 тасида алоҳида бўлим умуман ташкил этилмаган. Эълон қилинаётган маълумотларда ҳам қатор жиддий камчиликларга йўл қўйилган.
Сенатда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ижтимоий аҳамиятга молик очиқ маълумотларни расмий веб-сайтлар ва Очиқ маълумотлар портали (data.egov.uz)га жойлаштириш масалаларига бағишлаб ўтказилган семинарда шу ҳақда сўз юритилди.
Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Давлат статистика қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси тизими жорий этилгани ҳақида маълумот берилди.
Очиқлик индекси «0»дан «100» баллгача баҳоланиб, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти самарадорлиги «яшил», «сариқ», «қизил» тоифаларга ажратилади.
Шунингдек, юқори малакали мутахассис ва экспертларидан иборат таркибда Очиқликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш комиссияси фаолияти йўлга қўйилди.
Мазкур комиссиянинг вазифаси давлат органлари ва ташкилотларининг Очиқлик индексини баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш ҳамда у Очиқлик индексини ҳисоблаш ҳақида якуний қарор қабул қиладиган, мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади.
Тадбирда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вазирлик ва идораларнинг фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ишларига эътиборни кучайтириш, доимий комиссия раислари, котибият мудирлари, ахборот хизматлари раҳбарларининг соҳа мутахассислари билан ҳамкорлигини кенгайтиришга келишиб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА