“Очиқ эшиклар куни”
Қашқадарё вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати биносида Қашқадарё юридик техникуми талабалари учун “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди. Унинг асосий мақсади ёшларнинг амалий билим ва кўникмаларини ошириш, уларни суд тизими фаолияти билан яқиндан таништиришдан иборат.
Тадбир аввалида вилоят суди раиси Анвар Элмуродов сўзга чиқиб, судлар фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берди. У ўз нутқида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, одил судловни таъминлаш, судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофлик тамойилларини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталди. Шунингдек, бундай учрашувлар ёшларнинг ҳуқуқий онги ва суд тизими ҳақидаги тасаввурини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Шундан сўнг талабалар суд биноси ва мажлислар заллари билан яқиндан танишди. Уларга фуқароларнинг судларга мурожаат қилиш тартиби, жиноят ишларини кўриб чиқиш жараёни, суд муҳокамаларининг босқичлари, шунингдек, судья ва суд ходимлари фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида амалий тушунчалар берилди.
Тадбирнинг иккинчи қисми Қашқадарё юридик техникумида давом этди. Бу ерда ўтказилган мулоқотда судлардаги очиқлик ва ошкоралик тамойиллари, адолатни қарор топтиришда суд ҳокимиятининг ўрни хусусида атрофлича фикр алмашилди.

Шунингдек, тадбир доирасида жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг очиқ сайёр суд мажлиси ҳам ташкил этилди. Унда талабалар суд муҳокамаси жараёнини бевосита кузатиш, жиноят ишларини кўриб чиқишнинг барча босқичлари билан танишиш имконига эга бўлди.

Мутахассислар фикрича, бу каби амалий тадбирлар ёшларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, уларни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда келгусида малакали мутахассислар этиб шакллантиришга хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА