Обжазсой қишлоғида бўлганмисиз? (+видео)
Президент топшириғи амалда
Охирги йиллар Тошкент вилоятида ички туризм имкониятларини янада кенгайтириш орқали хорижий ва маҳаллий сайёҳлар сонини ошириш, бу соҳадаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, янги лойиҳаларга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш бўйича муҳим амалий ишлар қилинмоқда.

Хусусан, Президентимиз жорий йил 8 апрель куни Тошкент вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказган йиғилишда ҳам мазкур саъй-ҳаракатларнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтган эди.

Қайд этилганидек, Оҳангарон туманида “Мовий тоғлар” дам олиш оромгоҳи негизида замонавий туризм мажмуаси ташкил этилади. Ангрен шаҳрининг Лашкарак ва Янгиобод ҳудудларида “туризм қишлоқлари”, Бекобод туманида экологик ва ов туризми, Паркент туманида “Кумушкон” туризм мажмуаси ҳамда Паркентсойда оилавий дам олиш масканлари ва меҳмон уйларини ташкил этиш режалаштирилган. Жойлаштириш воситалари қувватини 35,5 минг ўринга етказиш кўзда тутилган. Мазкур ишлар ҳисобидан вилоятда туризм экспортини 600 миллион долларга, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар сонини 16,5 миллионга етказиш вазифаси қўйилган эди.

Маълумки, бу манзиллар орасида биргина Оҳангарон тумани ўзининг ҳар фаслдаги гўзал табиат манзаралари, сўлим манзиллари билан сайёҳларни жалб қилиб, туристик салоҳияти янада юксалиб бормоқда. Айниқса, олис, тоғли ҳудудларидан саналган биргина Обжазсой қишлоғи атрофини ўраб олган Қурама тоғ тизмалари бир қарашда Швейцария ёки Грузияга ўхшаб кетади. Бироқ қалин тоғлар бағридаги арчазорлар, зилол жилғаларини ўзида акс эттирган бетакрор табиий муҳитининг жозибадорлиги ҳар бир сайёҳни ўзига тортади.

– Ҳозир мазкур ҳудудда 518 та хонадон мавжуд. 2021 йилда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Обжазсойга туризм қишлоғи мақоми берилди, – дейди маҳалла раиси Мухриддин Бўтабоев. – Шундан сўнг бу ерда кенг кўламли ижобий ўзгаришлар бошланди. Хусусан, 50 дан ортиқ меҳмон уйлари ташкил этилди. Ушбу лойиҳалар натижасида маҳалланинг 100 нафардан ортиқ фуқароси доимий иш билан таъминланди. Эндиликда аҳоли хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик ва бошқа даромадли фаолиятлар билан шуғулланиб келмоқда. Шу билан бирга, овжазсойликлар чорвачилик, боғдорчилик ва асаларичиликни ҳам яхши йўлга қўйган.

Одатда бу манзилга келаётган сайёҳлар ўзларига маъқул бўлган меҳмон уйларига жойлашади. Уй эгалари меҳмонларнинг қишлоқда бўлиш вақтини узайтириш учун қўшимча имкониятлар яратмоқда. Баҳор ва ёз ойларида бу ерларнинг табиати ям-яшил тусга киради. Ҳавоси, суви тоза. Дам олиш ва маданий ҳордиқ чиқариш учун ҳамма шароитлар мавжуд. Маҳаллий ва хорижий туристлар аҳоли хонадонларида миллий урф-одатлар билан яқиндан танишади, тоғда сайр қилиб, сой бойларида дам олади. Маҳаллий таомлардан тановул қилади. Хусусан, эчки сутидан қилинган сариёғ ва қуртнинг мазасини билганлар бу жойларга яна ошиқади.

– Меҳмон уйларимизга асосан шанба ва якшанба кунлари сайёҳлар кўп келяпти, – дейди меҳмон уйи раҳбари Ўрозали Шеров. – Кўплаб меҳмонлар ўзлари таом тайёрлашни хоҳлашади, шу сабабли уларга ошхона ва керакли жиҳозлар доим тайёр. Бизнинг меҳмон уйимиз 2021 йилда ташкил этилган эди. Хизмат нархларимиз ҳам унчалик қиммат эмас. Мақсадимиз меҳмонлар мириқиб ҳордиқ чиқарсин ва яна бу жойларга келишни ният қилсин.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Uoj1h9wfvyM" title="Objazsoy qishlog‘ida bo‘lganmisiz?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Мусаев, ЎзА