Ободонлаштириш бошқармаларига замонавий махсус техникалар топширилди
Ҳудудларнинг ободлиги, йўлларнинг равонлиги ва маҳаллаларнинг кўркамлиги аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Шу боис Қорақалпоғистон Республикасида ободонлаштириш ишларини ривожлантириш, ички йўлларни таъмирлаш ҳамда йўл инфратузилмасини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада соҳада фаолият юритаётган бошқармаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий махсус техникалар билан таъминлаш орқали амалга оширилаётган ишларнинг сифати ва самарадорлигини ошириш кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги “Маҳаллий бюджетлар ва бюджет ташкилотларининг молиявий барқарорлигини ошириш, бюджет интизомини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари учун жами 25 дона замонавий махсус техника харид қилиниши белгиланган эди.
[gallery-32074]
Ушбу вазифа ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда “Ауто спеc теч” масъулияти чекланган жамияти ўртасида жорий йил 11 сентябрь куни тегишли шартнома тузилиб, белгиланган тўловлар амалга оширилди. Шартномага мувофиқ шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари учун 8 дона асфальт ётқизгич ва 17 дона йўл фрезаси, жами 25 дона махсус техника харид қилиш бўйича зарур ташкилий ва молиявий ишлар амалга оширилди.
Мазкур техникаларнинг ҳудудларга етказиб берилиши йўл қурилиши ва таъмирлаш ишларини сифатли ташкил этиш, йўл қопламаларини янгилаш, эскирган асфальт қатламларини фрезалаш ҳамда янги асфальт ётқизиш жараёнларини самарали амалга ошириш учун муҳим имконият яратади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу каби ишлар фақатгина техник имкониятларни кенгайтириш билан чекланмайди. Уларнинг асосий мақсади маҳаллалар қиёфасини янада обод қилиш, ички йўлларнинг ҳолатини яхшилаш ва аҳолининг кундалик ҳаётида қулайлик яратишдир. Равон йўллар, обод кўчалар ва сифатли инфратузилма эса ҳудудлар тараққиёти билан бирга, фуқароларнинг турмуш сифати юксалишига ҳам хизмат қилади.
Шу тариқа, Қорақалпоғистонда ободонлаштириш тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш орқали ҳудудларда йўлларни таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини янги босқичга олиб чиқиш, аҳолига янада қулай ва хавфсиз яшаш муҳитини яратиш йўлида муҳим қадамлар ташланмоқда.
Тадбир якунида шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармаларига янги махсус техникалар тантанали равишда топширилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА