Ободлик ва фаровонлик йўлида амалий ташаббуслар
ЎзЛиДеП томонидан амалга оширилаётган “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида жойларда аниқ манзилли ва самарали ишлар изчил давом этмоқда.
Ушбу ташаббус аҳоли билан яқин мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг кундалик эҳтиёжларини қондириш ҳамда турмуш фаровонлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам дастур доирасида қатор амалий ишлар ташкил этилмоқда. Хусусан, партиядан сайланган халқ депутатлари томонидан жойларда аҳоли фаровонлигини таъминлаш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга қаратилган “Яхшилик марафони” доирасидаги ташаббуслар илгари сурилмоқда.

Халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати Замира Айтбаева ташаббуси билан тажрибали боғбон Қалбой Аҳмедов билан ҳамкорликда аҳоли манфаати йўлида амалий ишлар олиб борилди. “Навқан боғ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи меҳнатсевар ва ерга эътиборли хонадонлар қўллаб-қувватланиб, уларга гуллар, соя ва мевали дарахт кўчатлари тарқатилди.
Мазкур ташаббус нафақат ҳудудни кўкаламзорлаштириш, балки аҳоли ўртасида меҳнатсеварликни ошириш, ерга бўлган меҳрни кучайтириш ва экологик маданиятни юксалтиришга хизмат қилмоқда. Шунингдек, лойиҳа доирасида амалий ишлар Элликқалъа туманида ҳам изчил давом этмоқда. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Баҳром Хониязов ўз сайлов округида “маҳалла еттилиги” аъзолари билан ҳамкорликда аҳолига мевали дарахт кўчатларини тарқатди.

Ушбу ташаббус орқали аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланишини йўлга қўйиш, оилалар учун қўшимча даромад манбаини яратиш ҳамда уларнинг турмуш шароитини янада яхшилаш мақсад қилинган. Тарқатилган кўчатлар келгусида нафақат оилалар эҳтиёжини қондириш, балки ортиқча маҳсулотни бозорга чиқариш орқали даромад топиш имконини ҳам яратади.
“Халқ билан бирга” дастури доирасида амалга оширилаётган мана шундай эзгу ишлар юртимизда ободлик ва фаровонликни таъминлаш, аҳоли бандлигини ошириш ҳамда жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу эса партиянинг халқ манфаатларига хизмат қилиш йўлидаги аниқ амалий ҳаракатининг ёрқин ифодасидир.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.