Ободлик ва фаровонлик – бош мақсад
ФОТОРЕПОРТАЖ
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 25 ноябрдаги “Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида «Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, ҳудудларда ҳаётбахш дастурлар амалга оширилмоқда.
“Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Фарғона вилояти Ёзёвон туманида 2021 йилдан буён 11 та маҳаллада иш олиб борилди.
[gallery-25599]
2022-2023 йилларда лойиҳанинг биринчи босқичи давомида тумандаги 5 та маҳаллада 21 миллиард сўм эвазига 33,5 километр асфальт ётқизилди, 11,1 километр ичимлик суви тармоғи тортилди, 1 та спорт зал биноси қурилиб, 7 километр электр таъминоти яхшиланди.
– 2024 йил ҳамда жорий йилнинг ўтган даврида иккинчи босқич учун белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 6 та маҳаллада 40 миллиард сўмлик иш бажарилди, - дейди лойиҳа менежери Абдумалик Набижонов. – Натижада 58 километр ички кўчаларга асфальт ётқизилган бўлса, 41 километр масофада электр тармоғи сифатини яхшилаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, 2 та ижтимоий соҳа объектида замонавий мезонлар асосида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Таъкидлаш жоиз, халқаро молия институтлари маблағи эвазига Ёзёвон туманидаги 11 та МФЙда лойиҳанинг икки босқичида 61 миллиард сўм маблағ сарфланди. Бу каби эзгу ташаббуслар “Инсон қадри учун” тамойилини рўёбга чиқаришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА