Нукусдаги “Орол” сузиш ҳавзаси қайта ишга туширилди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори билан Нукус шаҳридаги республика сув спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган спорт мактабининг “Орол” сузиш ҳавзасини қайта тиклаш ва ишга тушириш ишларига 700 миллион сўм маблағ ажратилди.
Тўлиқ янгилангандан кейин сузиш ҳавзаси спортчилар, ёшлар ва аҳоли учун расман фойдаланишга топширилди. Бир йилдан ортиқ вақт давомида фойдаланилмай турган мазкур сузиш ҳавзаси қайта тикланиб, замонавий талабларга мос ҳолатга келтирилди.

Қурилиш ва реконструкция ишлари давомида иншоот тўлиқ янгиланиб, унинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Муҳандислик тармоқларида спортчилар учун қулай шароитлар яратилди. Амалга оширилган ишлар натижасида у сув спорти турлари билан шуғулланувчи спортчилар, ёшлар, болалар ва соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватловчи аҳолига хизмат қилади.
Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши Қорақалпоғистон Республикасида спорт инфратузилмасини изчил ривожлантириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва аҳоли учун замонавий спорт инфратузилмасини яратиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг навбатдаги амалий натижасидир. “Орол” сузиш ҳавзасининг қайта ишга туширилиши сув спорт турларини ривожлантириш ва ёшларни жисмоний тарбия билан кенг қамраб олиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири