Нукусда “Прокуратуранинг 35 йиллигига 35 минг туп дарахт” акцияси ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси прокуратураси органлари ташкил этилганлигининг 35 йиллиги муносабати билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Прокуратуранинг 35 йиллигига – 35 минг туп дарахт” акцияси амалга оширилмоқда.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ташаббуси билан Нукус шаҳридаги “Яшил боғ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 3 гектардан ортиқ фойдаланилмасдан келинган ер майдони ўзлаштирилиб, кўчат экишга тайёр ҳолатга келтирилди.

Мазкур ҳудудда ташкил этилган акцияда прокуратура органлари ходимлари, нуронийлар, фаол ёшлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Унда Бош прокурор ўринбосари С.Самадов, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Ш.Аминов иштирок этиб, мазкур тадбирнинг аҳамияти ҳақида гапирди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида яшил ҳудудлар ва “яшил белбоғ”лар барпо этиш, атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш ҳамда экологик барқарорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур акциядан кўзланган асосий мақсад, яшил майдонлар кўламини кенгайтириш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш, шунингдек, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида экологик маданиятни юксалтириш ҳамда табиатга эҳтиёткорона муносабатни шакллантиришдан иборат. Бу каби хайрли ташаббуслар келгусида ҳам изчил давом эттирилиб, ҳудудларда яшил майдонларни кўпайтириш ва экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.

Акция иштирокчилари томонидан шу куни 4 минг тупга яқин ясин, қайрағоч, япон сафораси ва чинор кўчати экилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири