Нукусда “Контент студияси” ташкил этилди
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалида Халқаро Миграция Ташкилоти (International Organisation of Migration) грант маблағи ҳисобидан ташкил этилган “Контент студияси”нинг очилиш маросими ўтказилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Ташқи беғараз кўмак маблағларини (грантларни) жалб этиш ва донорлар билан ишлаш маркази директори К.Идирисов, филиал директори Қ.Юсупов мамлакатимизда ташқи беғараз кўмак маблағлари, грантларни жалб этиш ва донорлар билан ишлаш бўйича қилинаётган кенг кўламли ишларга тўхталди. Шунингдек, маданият ва санъат соҳасида грант маблағларини янада кўпайтиришда филиал жамоаси ишларига юқори баҳо берди.

Шундан сўнг, филиалнинг Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Г.Аҳметова грант лойиҳасининг асосий мақсади республикадаги хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш, уларнинг мобилография, ижтимоий тармоқларга видео контент тайёрлаш билим ва тажрибаларини ошириш эканини қайд этди. Ушбу ишларга филиал талаба-ёшларини ҳам кенг жалб этиш бўйича бир неча яхши ташаббуслар режалаштирилаётгани таъкидланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.