Ноширлик соҳасида қонунчилик талабларига риоя этиш масалалари муҳокама қилинди
Пойтахтимизда ноширлик соҳасида фаолият юритаётган субъектлар вакиллари иштирокида нашр маҳсулотларини тайёрлаш ва тарқатишнинг ҳуқуқий асосларига бағишланган семинар ўтказилди.
Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси томонидан ташкил этилган тадбирда ноширлик ва китоб тарқатиш соҳасида давлат назоратининг асосий вазифалари, амалдаги қонунчилик талаблари, нашр маҳсулотларини тайёрлаш ва тарқатишда учраётган камчиликлар ҳамда уларнинг олдини олиш чоралари муҳокама қилинди.
Семинарда соҳа субъектлари билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, қонунчилик нормаларини амалиётда тўғри қўллаш, қонунбузилишларнинг олдини олиш ва ички назорат механизмларини кучайтириш масалаларига эътибор қаратилди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда ахборот соҳасини ҳуқуқий тартибга солиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва давлат назорати тизимини такомиллаштириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 11 декабрдаги «Ахборот ва рақамли технологиялар соҳаларида давлат назорати тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, ахборот соҳасидаги назорат ва мониторинг функциялари Инспекцияга ўтказилган.
Шунингдек, Президентимизнинг 2026 йил 24 июлда қабул қилинган “Рақамли технологиялар соҳасида стратегик режалаштириш ҳамда ушбу соҳада давлат назорати янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Инспекцияга ахборот материалларининг қонунчилик талабларига мувофиқлиги юзасидан экспертизани ташкил этиш ваколати берилган.
Семинарда ноширлик соҳасида қонунчилик талабларига риоя этилиши ҳолати ҳам таҳлил қилинди.
Маълум қилинганидек, жорий йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, мамлакатда 688 та ноширлик субъекти ва 1 минг 891 та матбаа корхонаси фаолият юритмоқда.
Инспекция мониторингида 82 та ноширлик субъекти томонидан нашр этилган 1 минг 347 номдаги адабиёт ўрганилиб, жами 1 минг 362 та қонунбузилиш ҳолати аниқланган.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг такрорланишининг олдини олиш мақсадида ноширлик субъектларига кўрсатма ва огоҳлантириш хатлари юборилган. Бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.
[gallery-31353]
Муҳокамаларда нашр маҳсулотларининг мазмуни ва техник параметрлари устидан ички назоратни кучайтириш, таҳрир ва корректура ишларини сифатли ташкил этиш, ношир, муаллиф ва матбаа корхонаси ўртасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, муаллифлик ҳуқуқига риоя қилиш, бошқа шахсларга тегишли матн, фотосурат, расм, иллюстрация, дизайн ва бошқа материаллардан фойдаланишда ҳуқуқий асосларни таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Диний мазмундаги нашрларни тайёрлаш ва тарқатишда қонунчилик талабларига риоя қилиш, болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш, ахборот маҳсулотларида ёшга оид тоифа белгиларини тўғри қўллаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Тадбирда соҳа вакиллари ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, амалиётда учраётган муаммолар юзасидан фикр ва таклифларини билдирди. Жараёнларни соддалаштириш ва рақамлаштириш, профилактик назоратни кучайтириш бўйича таклифлар билдирилди.
Семинар якунида соҳада энг кўп учраётган камчиликлар бўйича амалий тавсиялар тўпламини ишлаб чиқиш, қонунчиликни қўллаш амалиётида юзага келаётган саволларга ягона тушунтиришлар базасини шакллантириш ҳамда қонунбузилишларнинг такрорланишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш муҳимлиги таъкидланди.
Камола Юсупова,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА