Норин дарёси бўйида янги туризм лойиҳалари амалга оширилади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Норин дарёси бўйида бўлиб, ҳудуднинг туристик салоҳиятини ошириш, замонавий дам олиш масканлари ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш имкониятлари билан танишди.
Ташриф давомида дарё соҳилининг табиий манзаралари, ҳудуднинг қулай жойлашуви ва мавжуд имкониятлари кўздан кечирилди. Туризм инфратузилмасини ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда аҳоли ва сайёҳлар учун замонавий дам олиш шароитларини яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, вилоят раҳбари Бўстон маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Норин дарёси соҳилида амалга оширилиши режалаштирилаётган «BLUE HORIZON» туризм лойиҳаси тақдимоти билан танишди.
[gallery-30659]
Лойиҳа доирасида ҳудуднинг табиий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, замонавий дам олиш масканлари ва сайёҳларга хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш, соҳилбўйи инфратузилмасини ривожлантириш назарда тутилган.
Вилоят ҳокими лойиҳани сифатли амалга ошириш, ҳудуднинг табиий имкониятларидан оқилона фойдаланиш ҳамда сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА