Номзодлар турнири: Синдоров таъқибчиларини 2 очко фарқ билан ортда қолдирмоқда
Шахмат бўйича Кипрда давом этаётган Номзодлар турнирининг 8-тур ўйини ҳамюртимиз Синдоров учун омадли ўтди.
Қора доналарда ФИДЕ байроғи остида турнирда иштирок этаётган Андрей Есипенкога қарши баҳсда Синдоров ўйин тизгинини ўз қулига олди. Бу, ўз навбатида россиялик шахматчининг ҳимоявий ҳаракатланишига олиб келди.
Синдоровнинг мазкур ғалабага тенг дуранг натижаси ҳамда АҚШ вакили Ҳикару Накамуранинг ҳамюрти Фабиано Каруанани мағлуб этиши ортидан Жавоҳир 9-тур ўйинлари остонасида таъқибчиларидан деярли 2 очко олдинга ўтиб кетишга муваффақ бўлди.

Ушбу турда Аниш Гири (Нидерландия) Праггнанандха (Ҳиндистон)ни доғда қолдирган бўлса, Вэй И (Хитой) — Маттиас Блюбаум (Германия) қарама-қаршилигидаги ўйинда дуранг натижа қайд этилди.
8-турдан сўнг турнир жадвалини 6,5 очко билан Синдоров бошқариб бораётган бўлса, 2 ва 3-ўриндан жой олган Фабиано Каруана ва Аниш Гири ҳисобида 4,5 очко мавжуд.

Бугун, 8 апрель куни Жавоҳир қора доналарда германиялик Маттиас Блюбаум қаршилигини енгишга ҳаракат қилса, Ҳикару Накамура — Андрей Есипенко, Фабиано Каруана — Аниш Гири, Праггнанандха — Вэй И тўқнаш келади.
Айтиш лозим, турнирнинг биринчи даврасида ўтган 2-тур ўйинларида мазкур қарама-қаршиликдаги барча учрашувларда муроса йўли танланган эди.

Аёллар ўртасидаги Номзодлар турнирининг ўтган 8-тур баҳсларида ҳиндистонлик Дивья Дешмух қора доналарда украиналик Анна Музичукни, хитойлик Чжу Цзинер ҳам қора доналарда ҳамюрти Тан Чжунъини, россиялик Катерина Лагно оқ доналарда юртдоши Александра Горячкинани таслим этди. Қозоғистонлик Бибисара Асаубаева ва ҳиндистонлик Вайшали Рамешбабу ўйинида муроса йўли танланди.
Бугун аёллар ўртасидаги баҳсларда Тан Чжунъи — Анна Музичук, Чжу Цзинер — Катерина Лагно, Александра Горячкина — Бибисара Асаубаева, Вайшали Рамешбабу — Дивья Дешмух ўзаро тўқнаш келишади.
Эслатиб ўтамиз, мукофот жамғармаси 1 миллион евродан иборат Номзодлар турнирининг эркаклар мусобақасида ғолибликка эришган шахматчи 70 минг евро, 2-ўрин соҳиби 45 минг, 3-ўриндан жой олган шахматчи эса 25 минг евро билан тақдирланади.
14 та турдан иборат баҳслар 16 апрелга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА