Ноқонуний савдога чек қўйилди
Мамлакатимизда қонунларни четлаб ўтган ҳолда «эгри йўл билан мўмай даромад топиш» илинжида ҳаракат қилаётган қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар ҳам афсуски, бор.
Мамлакатимизда қонунларни четлаб ўтган ҳолда «эгри йўл билан мўмай даромад топиш» илинжида ҳаракат қилаётган қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар ҳам афсуски, бор.
Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани давлат солиқ инспекцияси томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида яширинча алкоголь маҳсулотлари савдоси билан шуғулланаётган фуқаролар аниқланди.
Туманда истиқомат қилувчи фуқаро Р.Р. ўз хонадонида тегишли ҳужжатларсиз алкоголь маҳсулоти савдоси билан шуғулланиб келган. Аниқланган қоидабузарлик юзасидан фуқаро Р.Р.га тегишли 5 турдаги жами баҳоси 27 миллион 366 минг сўмлик алкоголь маҳсулоти холис гувоҳлар иштирокида ашёвий далил сифатида иш қонуний ҳал бўлгунга қадар расмийлаштирилиб олинди. Шунингдек, ушбу туманда истиқомат қилувчи фуқаро А.С. га тегишли жами баҳоси 2 миллион 624 минг 940 сўмлик алкоголь маҳсулоти ашёвий далил сифатида сақлаш учун расмийлаштирилди.
Ноқонуний фаолият билан шуғулланиб, озгина вақт мўмай даромад топган бу «олғир тадбиркорлар» доно халқимизнинг кўза кунда эмас, кунида синади, деган ҳикматини унутганга ўхшайди. Қонунга риоя қилган ҳолда ишлаш, давлатимиз томонидан белгиланган солиқларни ўз вақтида тўлаш, эртанги келажак авлодларимизнинг фаровон турмушини таъминлашга хизмат қилади.