НКМК халқаро эътирофга сазовор бўлди
Мамлакатимизда иқтисодиётни модернизация қилиш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва йирик саноат корхоналарининг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Бу каби саъй-ҳаракатлар натижаси халқаро молия институтлари ва рейтинг агентликлари томонидан ҳам муносиб баҳоланмоқда.
Хусусан, “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги томонидан “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятининг кредит рейтинги бўйича прогноз “барқарор”дан “ижобий”га ўзгартирилиб, эмитентнинг узоқ муддатли рейтинги “BB” даражасида тасдиқланди.
Мазкур баҳолаш мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар самарасининг яна бир халқаро эътирофи сифатида баҳоланмоқда. Айниқса, давлат иштирокидаги йирик корхоналарда корпоратив бошқарувни такомиллаштириш, молиявий шаффофликни таъминлаш ва халқаро стандартларни жорий этиш борасидаги ишлар ўз натижасини бермоқда.
Навоий кон-металлургия комбинати нафақат мамлакатимиз иқтисодиётининг таянч корхоналаридан бири, балки жаҳон бозорида рақобатлаша оладиган йирик саноат мажмуаси ҳисобланади. Корхонанинг барқарор молиявий кўрсаткичлари, экспорт салоҳияти ва стратегик аҳамияти халқаро рейтинг агентликлари томонидан юқори баҳоланаётгани унинг инвестицион жозибадорлигини янада оширмоқда.
Президентимиз раҳбарлигида иқтисодиётни очиқлик, шаффофлик ва бозор тамойиллари асосида ривожлантиришга қаратилган сиёсат натижасида Ўзбекистоннинг халқаро молия бозорларидаги нуфузи мустаҳкамланиб бормоқда.
“Fitch Ratings” томонидан прогнознинг “ижобий”га ўзгартирилиши халқаро инвесторларнинг Навоий кон-металлургия комбинати фаолияти ва унинг келгуси истиқболларига бўлган ишончи юқори эканини кўрсатади. Бу эса ўз навбатида янги инвестицияларни жалб қилиш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва мамлакат иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш учун мустаҳкам замин яратади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири