Немис депутати: парламент дипломатияси – минтақалараро ҳамкорликнинг муҳим омили
Бундестагнинг немис Марказий Осиёлик парламент гуруҳи раҳбари Кристиан Герк Хивада бўлиб ўтаётган Марказий Осиё ва Германия экспертлар форуми иштирокчиларига мурожаат қилиб, минтақалараро ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари бўйича ўз баҳосини тақдим этди.
– “Марказий Осиё – Германия” форматининг стратегик аҳамияти шундаки, бу формат аста-секин келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш ва ишончни мустаҳкамлаш учун барқарор платформага айланмоқда, дея таъкидлади депутат.
Унинг фикрича, “C5+1” мулоқот формати доирасида ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлик кучли сиёсий асос мавжудлигини кўрсатади. Бироқ бу борадаги асосий вазифа билдирилган ниятларни амалий ҳаракатларга айлантиришдан иборат.
Шу билан бирга, глобал беқарорлик шароитида Марказий Осиёнинг турли геосиёсий куч марказлари учун мулоқот ва ҳамкорлик майдони сифатидаги аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Аммо ҳамкорликни ривожлантиришда минтақадаги давлатларнинг ташқи сиёсий ўзига хосликларини инобатга олиш муҳим. Жумладан, уларнинг кўп векторли сиёсат юритиши ҳамда Хитой, Россия ва Туркия каби давлатлар билан ўзаро муносабатлари бу жараёнда алоҳида аҳамият касб этади.
У ҳамкорликнинг амалий мазмунига тўхталиб ўтган парламентарий бир қатор йўналишларни ажратиб кўрсатди. Бу иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, бизнес иштирокини кенгайтириш ва гуманитар алоқаларни чуқурлаштиришни англатади. Унинг фикрича, хусусан, академик алмашинувлар ва ёшлар дастурларини ўз ичига олган инсонлараро алоқаларни кенгайтириш аҳамиятга молик.
Кристиан Герк мавжуд тўсиқларни бартараф этиш учун бир қатор амалий тавсияларни ҳам таклиф қилди. Бу биринчи навбатда, Марказий Осиё давлатлари фуқаролари учун виза тартибини соддалаштириш, консуллик имкониятларини кенгайтириш ва маъмурий харажатларни камайтиришга тегишли. Унинг сўзларига кўра, бундай чоралар ҳамкорликка амалий характер бера олади ва жамиятлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаши мумкин.
Унинг фикрича, Хивадаги форум каби эксперт ва сиёсий платформалар барқарор натижаларга йўналтирилган узоқ муддатли ҳамкорлик стратегияларини шакллантиришга ёрдам беради.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА