Нега 105 та корхонанинг IT Park резидентлиги бекор қилинди?
IT Park резиденти бўлиш — нафақат имтиёз ва имкониятлардан фойдаланиш, балки белгиланган талабларга амал қилишни ҳам англатади.
Қонунчиликда назарда тутилган солиқ ва бошқа имтиёзлар, халқаро бозорларга чиқиш учун яратилаётган қўллаб-қувватлаш дастурлари билан бир қаторда, резидентлар зиммасида муайян мажбуриятлар ҳам бор.
Шу талабларга риоя қилмаган корхоналарнинг резидентлик мақоми бекор қилинмоқда. Жумладан, 2026 йил сентябрь ойининг биринчи ярмида ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаган 105 та корхонанинг IT Park резидентлиги бекор қилинди.
Йил бошидан буён эса бундай чора жами 943 та корхонага нисбатан қўлланилган. Резидентлик мақоми бекор қилинган корхоналарнинг 433 таси Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган.
Ҳудудлар кесимида қаралганда, Тошкент вилоятида 77 та, Самарқанд вилоятида 68 та, Қорақалпоғистон Республикасида 60 та, Фарғона вилоятида 56 та, Хоразм вилоятида 38 та, Сирдарё вилоятида 36 та ва Сурхондарё вилоятида 33 та корхона реестрдан чиқарилган.
Шунингдек, Наманган вилоятидан 29 та, Қашқадарёдан 25 та, Навоийдан 24 та, Жиззахдан 22 та, Андижон ва Бухоро вилоятларининг ҳар биридан 21 тадан корхонанинг резидентлик мақоми бекор қилинган.
Хўш, IT Park резиденти бўлиш қандай мажбуриятларни юклайди?
Амалдаги тартибга кўра, резидент корхона тасдиқланган фаолият йўналишлари ва бизнес-режаси асосида ишлаши керак. Шунингдек, ўз фаолияти ҳақидаги маълумотларни белгиланган муддатларда тақдим этиши, ҳар йили аудитдан ўтиши ва IT Park билан тузилган шартнома талабларига риоя қилиши лозим.
Яъни, резидентлик мақоми имтиёзлардан фойдаланиш имконияти билан бирга, аниқ талаб ва мажбуриятларни ҳам назарда тутади. Бу шартлар бажарилмаса, резидентлик мақомидан маҳрум бўлиш мумкин.
Нигора Раҳмонова, ЎзА