«Нефтчи» ўз уйида «Сўғдиёна»ни аяб ўтирмади
Фарғонанинг «Нефтчи» клуби Суперлиганинг 19-турида рақиби устидан ишончли ғалаба қозониб, чемпионлик пойгасидаги ўрнини янада мустаҳкамлади.
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 19-турини бошлаб берган Фарғонанинг «Нефтчи» ва Жиззахнинг «Сўғдиёна» клублари ўртасидаги ўйин йирик - 3:0 ҳисобида ўз якунига етди.
Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида ўтказилган баҳсда мезбонлар ҳисобни 23-дақиқада очди. Зоран Марушич ўзининг аниқ зарбаси билан «Нефтчи»ни олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлимда ҳам фарғоналиклар ҳужумларни давом эттириб, 60-дақиқада Марушичнинг иккинчи голи эвазига устунликни оширди. Учрашув якунига яқин, ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда Стипе Перица яна бир бор «Сўғдиёна» дарвозасини ишғол қилиб, жамоасининг йирик ҳисобдаги ғалабасини таъминлади.
Шу тариқа «Нефтчи» очколари сонини 45 тага етказди ва чемпионлик пойгасидаги пешқадамлигини мустаҳкамлади. «Сўғдиёна» эса 24 очко билан 10-ўринда қолди.
Бугун, 24 август куни миллий чемпионатимизнинг 19-тури доирасида «Қўқон-1912» ва «Бухоро» жамоалари ўзаро рақобатлашади. Учрашув Қўқон шаҳрида соат 19:00 да бошланади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА