Нефть-газ соҳасида янги имконият: бепул онлайн таълим
Нефть-газ соҳасида ишлайдиганлар ва шу йўналишда таҳсил олаётган ёшлар учун касбий билимни оширишнинг янги имконияти пайдо бўлди. “Ўзбекнефтьгаз” АЖ томонидан "UNG Online" рақамли таълим платформаси ишга туширилди.
Платформа орқали соҳа мутахассислари, олий таълим муассасалари талабалари ва битирувчилари замонавий ҳамда амалий билимларни онлайн шаклда ўзлаштириши мумкин.
Эътиборли жиҳати — дастлабки ўқув курсларидан бепул фойдаланиш имконияти яратилган. Уларда меҳнат хавфсизлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш, компания тарихи, тузилмаси ва фаолияти, гендер стереотиплари ҳамда тазйиқнинг олдини олиш каби муҳим мавзулар қамраб олинган.
Дарслар ўзбек ва рус тилларида ўтказилади. Фойдаланувчилар курсларни ўзлаштириш жараёни, билим даражаси ва ўқиш натижаларини шахсий тарзда кузатиб бориши мумкин.
Яъни, соҳага оид билимларни ошириш учун энди аудитория ёки махсус ўқув жадвалига боғланиб қолиш шарт эмас, керакли курсларни онлайн тарзда ўзлаштириш мумкин.
Бепул курсларда ўқишни бошлаш учун “ungacademy.uz” сайтига кириш кифоя.
Янги платформа нефть-газ соҳасида замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга мутахассислар тайёрлашга қаратилган рақамли таълим имкониятларини кенгайтиради.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА