Навоийлик ёшлар Зоминга саёҳат қилди
Бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган ташаббуслар изчил давом этмоқда.
Ана шундай эзгу мақсадлар доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти Кенгаши томонидан корхона ва ташкилотларда ишловчи ёшлар, шунингдек, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган йигит-қизлар учун Зомин туманига икки кунлик саёҳат ташкил этилди.
– Ушбу саёҳат давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ёшларга оид ислоҳотларнинг амалдаги ифодаси бўлиб, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни жамоавийлик ва ҳамжиҳатлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади, – дейди Федерациянинг вилоят Кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Дилафрўз Ўрозова. – Шу билан бирга, бундай тадбирлар ёшларнинг дам олишини самарали ташкил этиш орқали уларнинг руҳий ва жисмоний тикланишига ҳам ҳисса қўшади. Саёҳат давомида иштирокчилар Зоминнинг сўлим табиати, мусаффо ҳавоси ва бетакрор манзараларидан баҳраманд бўлиш билан бирга, турли маданий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этди. Жамоавий ўйинлар ва маънавий суҳбатлар эса ёшлар ўртасида дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаб, уларнинг жамоада ишлаш кўникмаларини янада ривожлантирди.
Бу каби ташаббуслар Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг инсон манфаатларига хизмат қилаётганининг яққол далилидир. Айниқса, ёшларга яратилаётган имкониятлар уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши, ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун мустаҳкам замин яратмоқда.
А. Бўриев, ЎзА мухбири