Навоийда волейбол бўйича вилоят чемпионлари аниқланди
Навоий шаҳрида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида спортнинг волейбол тури бўйича 16-21 ҳамда 22-30 ёш тоифаларидаги ўғил болалар ва қизлар ўртасида волейбол мусобақасининг вилоят босқичи якунланди.
Юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда ёшларни жисмонан соғлом, маънан етук ва ватанпарвар этиб тарбиялаш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Ана шу мақсадда амалга оширилаётган “Беш ташаббус олимпиадаси” нафақат оммавий спортни ривожлантириш, балки иқтидорли ёшларни кашф этиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мусобақада вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан саралаш босқичларида ғолибликни қўлга киритган жамоалар иштирок этиб, вилоят чемпионлиги учун қизғин ва муросасиз баҳс олиб бордилар. Беллашувлар давомида иштирокчилар юқори спорт маҳорати, жамоавий ҳамжиҳатлик ва ғалабага бўлган интилишларини намоён этдилар.

Якуний натижаларга кўра, ўғил болалар ўртасида 16-21 ёш тоифасида Томди туманининг “Кериз” ОФЙ жамоаси, 22-30 ёш тоифасида эса Қизилтепа туманининг “Ғамхўр” МФЙ жамоаси биринчи ўрин соҳибига айланди.
Қизлар баҳсида 16-21 ёш тоифасида Конимех тумани “Шўркўл” МФЙ жамоаси ғолибликни нишонлаган бўлса, 22-30 ёш тоифасида Хатирчи туманининг “Жалойир” МФЙ жамоаси вилоят чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди.

Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан муносиб тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири