Навоийда ғалла ўрим-йиғим ишлари давом этмоқда
Шу кунларда Республикамизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Навоий вилоятида ҳам ғалла ўрим-йиғим ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Жорий йил ҳосили учун вилоятда 865 та фермер хўжалиги томонидан 31 минг 714 гектар майдонга бошоқли дон экилган бўлиб, давлатга 105 минг 563 тонна ғалла топшириш режалаштирилган.
Ўрим-йиғим ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида ҳудудларда кластер ва дон қабул қилиш шохобчалари мутахассислари ва мутасаддилар иштирокида семинарлар ўтказилди. Уларга ҳосилни беталафот йиғиб олиш, донни қабул қилиш ва сақлаш жараёнларини юқори савияда ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди
Ўрим мавсумига 107 та замонавий комбайн жалб қилиниб, уларнинг техник ҳолати доимий назоратга олинган.

Бу йил Кармана туманида 133 та фермер хўжалиги томонидан 5 минг 216 гектар майдонга дон экилган бўлиб, 17 минг 366 тонна ҳосил йиғиб олиш режалаштирилган. Фермерларнинг меҳнати ва илғор агротехнологияларнинг қўлланилиши юқори ҳосилдорликка замин яратмоқда.
Тумандаги “Лочин” фермер хўжалигида ўз вақтида амалга оширилган агротехник тадбирлар натижасида ҳар гектардан ўртача 80 центнердан ҳосил олинмоқда. Бу ўтган йилги 70 центнерлик кўрсаткичдан анча юқори бўлиб, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ва илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш ўз самарасини бераётганини кўрсатади.
– Ўтган йили кузда 45 гектар майдонга ғалла эккан эдик, – дейди “Лочин” фермер хўжалиги раҳбари Дониёр Ражабов. – Агротехника тадбирларини ўз вақтида ўтказганлигимиз боис қилинган меҳнатимиз бесамар кетмади. Далаларимизда мўл ҳосил етиштирилди. Ҳозирда етиштирилган ҳосилни йиғиштириб олмоқдамиз. Шу кунгача ўртача ҳар гектар майдондан 80 центнердан ҳосил оляпмиз. Ҳали далаларда ўрилмаган ғаллазорларимиз бор. Уларнинг ҳисобига ҳосилдорлик янада ошади ва 100 центнердан оширамиз. Даромадимиз ҳам шунга яраша бўлади.

Бугун ғаллакорлар қишнинг совуқ кунлари ва баҳорнинг серёғин об-ҳавосига қарамасдан етиштирган ҳосилини йиғиштириб олиш давом этмоқда. Уларнинг йил бўйи қилган меҳнати эса самарасиз кетмади. Ҳозирга қадар 300 дан зиёд фермер хўжаликларида ҳосилдорлик гектарига ўртача 100 ва ундан ортиқ центнерни ташкил этмоқда.
Ана шундай фермерлардан бири Кармана туманидаги “Қурбон Мерган” фермер хўжалиги раҳбари Қобил Қурбоновдир.
– Ёшлигимдан деҳқончилик қилиб улғайганман. Кейинчалик Самарқанд давлат аграр университетини тамомладим. 2004 йилда эса фермер хўжалиги ташкил этдим. Жорий йил ҳосили учун 47 гектар майдонга ғалла эккандим. Ўз вақтида олиб борилган агротехник тадбирлар натижасида ҳар гектар ер майдонидан 100 центнердан ҳосил олдим. Бунинг барчаси давлатимиз раҳбари томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасига қаратилаётган эътибор, фермерлар учун яратиб берилаётган имконият ва имтиёзлар натижасидир. Энг муҳими, қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида фермерларнинг ерга муносабати, меҳнат унумдорлиги ва иқтисодий манфаатдорлиги ортиб, ҳар бир гектар ердан юқори ҳосил олишга эришилмоқда, – дейди фермер Қ.Қурбонов.

Айни шу кунларда қишнинг қаҳратони-ю, баҳорнинг серёғин кунларига қарамасдан меҳнат қилган ғаллакорлар бир лаҳза бўлса-да, ўрим-йиғим ишларини сусайтиришгани йўқ. Уларнинг мақсади аниқ далаларда етиштирилган ҳосилнинг бир мисқолини ҳам қолдирмасдан йиғиштириб олиб, эл дастурхонига етказиб бериш. Улар яхши билишади бугунги машаққатли меҳнат эртанги фаровон турмушимиз ва дастурхонимиз тўкинлиги учун хизмат қилади.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири