Навоий вилояти таълим тизимида сифат кўрсаткичлари янги босқичга кўтарилмоқда
Мамлакатимизда таълим соҳасини ривожлантириш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ва уларни халқаро талаблар асосида тайёрлашга қаратилган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Бу борада Навоий вилояти умумтаълим мактабларида қайд этилаётган натижалар таълим сифатини оширишга қаратилган тизимли ишлар изчил давом этаётганини кўрсатмоқда.
– Жорий ўқув йили якунлари таҳлилига назар ташласак, вилоятимиз мактабларида таълим олаётган ўқувчиларнинг билим даражаси, фанларни ўзлаштириши ҳамда олий таълимга тайёргарлик кўрсаткичлари сезиларли даражада ўсганини кўриш мумкин, – дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси шўъба бошлиғи Саёҳат Қўзиева. – Жумладан, олий таълим муассасаларига муддатидан олдин талаба бўлган битирувчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Агар ўтган ўқув йили якунларига кўра 321 нафар битирувчи грант асосида муддатидан олдин талабалик бахтига муяссар бўлган бўлса, жорий йилда уларнинг сони 484 нафарга етди. Бу эса бир йил ичида мазкур кўрсаткич 163 нафарга ёки қарийб 51 фоизга ошганини англатади. Мазкур натижа мактабларда иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қобилиятини эрта аниқлаш ва мақсадли тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишлар самарадорлигини яққол намоён этмоқда.
Таълим сифатининг муҳим мезонларидан бири ўқувчиларнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлигидир. Бу борада ҳам Навоий вилояти ёшлари муносиб натижаларни қайд этмоқда. Ўтган ўқув йилида дунёнинг ТОП-500 талик нуфузли олий таълим муассасаларига 17 нафар битирувчи қабул қилинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 40 нафарга етди. Бу эса икки баробардан зиёд ўсиш демакдир.

Сўнгги йилларда миллий ва халқаро сертификатларни қўлга киритиш ҳам таълим сифатини баҳолашнинг муҳим мезонларидан бирига айланди. Бу йўналишда ҳам мактаб ўқувчилари юқори натижаларга эришмоқда. Агар ўтган ўқув йилида 10-11-синф ўқувчилари томонидан 6 минг 349 та сертификат олинган бўлса, жорий ўқув йили якунига кўра уларнинг сони 14,5 мингтага етди.
Сертификатлар сонининг қарийб икки ярим баробарга ошиши ўқувчиларнинг ўз устида ишлашга бўлган интилиши, таълим муассасаларида яратилган имкониятлар ва педагогларнинг самарали меҳнати натижасидир.
Эришилаётган ютуқлар ортида таълим сифатини оширишга қаратилган аниқ мақсадли чора-тадбирлар, педагог кадрлар малакасини юксалтириш, замонавий таълим технологияларини жорий этиш ва ўқувчиларни халқаро баҳолаш тизимларига тайёрлаш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ётибди.

Энг муҳими, Навоий вилояти таълим тизимида кузатилаётган ўсиш нафақат сон жиҳатидан, балки энг аввало сифат кўрсаткичлари орқали намоён бўлмоқда. Бу эса келажакда мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган билимли, рақобатбардош ва замонавий дунёқарашга эга авлодни тарбиялаш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири