Навоий шаҳрида қиличбозлик бўйича вилоят чемпионати ўтказилди
Навоий шаҳрида ёшларнинг қиличбозликка бўлган қизиқишини ошириш, уларнинг спорт маҳоратини юксалтириш ва вилоятда ушбу спорт турини янада оммалаштириш мақсадида қиличбозлик бўйича кичик ўсмирлар, ёшлар ҳамда катталар ўртасида Навоий вилояти чемпионати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда Халқаро қиличбозлик куни муносабати билан ташкил этилган мусобақада ёш спортчилар ўзларининг жисмоний тайёргарлиги, чаққонлиги ва маҳоратларини намойиш этди.
Мусобақанинг кичик ўсмирлар ўртасидаги баҳсларида ўғил болалар орасида Мирон Бегалов, қиз болалар ўртасида эса Эъзоза Соаталиева биринчи ўринни эгаллади.

Ёшлар ўртасидаги якка тартибдаги баҳсларда ўғил болалар орасида Аслан Асланов чемпионликни қўлга киритган бўлса, қизлар ўртасида Элвира Серикбоева биринчи ўринга сазовор бўлди.
Жамоавий баҳсларда қизлар ўртасида “Навоий-I” жамоаси, йигитлар ўртасида эса “Навоий-II” жамоаси биринчи бўлди.

Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда медаллар билан тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири