Навбаҳорда – “Адлия куни”
Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги Навбаҳор маҳалласига қачон йўлингиз тушмасин, кўчалар файзу ободлигини кўриб, дилингиз ёришади. Бу ерда маҳалла масъуллари ва аҳолининг бирдамлиги, жипслиги сабаб ҳар қандай муаммоли вазиятлар тезкорлик билан ҳал қилинади.
“Адлия куни” тадбирининг айнан ушбу маҳаллада ташкил қилиниши ҳам бежиз эмас.
Тадбир маҳалла нуронийлари билан мулоқот қилишдан бошланди. Самимий руҳдаги учрашув давомида маҳаллада олиб борилаётган ишлар, ёшлар ва аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳамжиҳатлик, амалий тажрибалар ўртоқлашилди.
[gallery-18688]
Шундан сўнг туман ҳокимлиги ва маҳалла масъуллари билан биргаликда уйма-уй юриш орқали аҳоли билан суҳбатлашилди. Адлия ходимлари томонидан анкета-сўровномалари тўлдирилиб, айрим фуқароларнинг ҳуқуқий муаммолари юзасидан тушунтиришлар берилди. 2 нафар ёшга ва ногиронлиги бўлган фуқаро З. Алмуратовга ID карта топширилди.
“Маҳалла еттилиги” билан суҳбат жараёнида онлайн-маҳалла платформасига киритилган ҳуқуқий муаммолар таҳлил қилинди ҳамда “фуқаро-маҳалла-адлия” тизими асосида муаммоларнинг ечими юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.
“Адлия куни” тадбири вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Адҳам Шайжигитовнинг сайёр қабули билан давом этди. Сайёр қабулда кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, ижтимоий ҳимоя, меҳнат муносабатлари, тиббиёт, таълим, коммунал соҳа, давлат хизматларидан фойдаланиш, мулкий ҳуқуқларга оид бир қатор мурожаатлар кўриб чиқилди.
Шаҳриёр ОРТИҚБОЕВ (сурат), ЎзА