Навбаҳор Ҳамидова Бразилияда муваффақиятли старт олди
Бразилиянинг Фос ду Игуасу шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасида ўтказилаётган World Boxing ташкилоти кубогининг биринчи босқичида 49 та мамлакатдан 400 нафар иштирокчи қатнашмоқда. Мусобақанинг навбатдаги кунидан ўрин олган баҳсларда 3 нафар вакилимиз рингга кўтарилди.
Жумладан, -65 кг. вазн тоифасида хотин-қизлар ўртасидаги беллашувларда Навбаҳор Ҳамидова илк босқичда швейцариялик Анна Женнига қарши рингга кўтарилди ва 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Вазни -48 кг. бўлган Фарзона Фозилова дастлабки жангини марокашлик Виссал Фахирга қарши ўтказиб, 4:1 ҳисобида зафар қучди.
Афсуски, 51 килограммгача бўлган боксчи қизлар орасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Феруза Казакова германиялик Махи Клотзер билан бўлган беллашувда имкониятни бой бериб қўйди.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал +90 кг. вазн тоифасидаги беллашувларда ҳамюртимиз Жаҳонгир Зокиров руминиялик Флориан Ионитани 5:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА