НАТОнинг Анқарадаги йиғилишида Дональд Трамп шахсан қатнашади
Жорий йилнинг июль ойида Туркия мезбонлик қиладиган НАТОнинг олий даражадаги йиғилишида АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам иштирок этади.
Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг баёнотига таяниб, “Anadolu” агентлиги хабар бермоқда. Вакиллар палатасининг Ташқи ишлар қўмитасида сўзга чиққан Рубио 7–8 июль кунлари Анқарада бўлиб ўтадиган мазкур саммит ҳарбий блок тарихида туб бурилиш ясайдиган воқеага айланишини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Вашингтон альянсдаги ўз ўрнини сақлаб қолади ҳамда мулоқотларда фаол иштирок этади. АҚШ ташқи сиёсат идораси раҳбари НАТО тизимида жиддий янгиланишлар ва ислоҳотлар ўтказиш вақти келганини, Анқарадаги музокараларда айнан шу масала диққат марказида бўлишини билдирди.
Бўлажак саммит кун тартибидан ҳарбий блокнинг келгуси стратегиясини белгилаш, аъзо давлатларнинг масъулиятини ошириш ҳамда глобал хавфсизликни таъминлаш борасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш каби муҳим мавзулар ўрин олган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА