Натижага асосланган бошқарув модели: қулайликлар яратиш орқали аҳоли фаровонлиги оширилади
Аҳоли турмуш даражасини ошириш давлатимиз сиёсатининг муҳим мақсадларидан биридир. Шу мақсадда ҳудудларни комплекс ривожлантириш ҳамда замонавий инфратузилмани шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президент ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги Иқтисодиёт, қурилиш ва транспорт йўналишларида давлат хизмати ва бошқарув самарадорлигини ривожлантириш бошқармаси бош инспектори Сардор Абдуллаев шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди:
– Мазкур соҳада давлат бошқарувини такомиллаштириш, хизматлар кўрсатиш жараёнларини соддалаштириш ва рақамлаштириш ҳамда фуқаролар учун қулай ва шаффоф тизим яратишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг “Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида натижага асосланган бошқарув тизимини жорий этиш ва давлат хизматлари кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш устувор йўналиш сифатида белгиланди.
Бошқарув самарадорлиги агентлиги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан биргаликда вазирликнинг вазифа ва функциялари доирасида бизнес жараёнлар таҳлилини амалга оширди.
Таҳлиллар соҳада бир қатор тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатди. Жумладан, 2025 йил давомида аҳоли ва тадбиркорлар томонидан қурилиш соҳасида тақдим этилган 17 давлат хизмати аризаларининг 27 фоизи рад этилган. Танлов асосида ўрганилган аризаларнинг 12,5 фоизи асоссиз рад этилган.
Бу ҳолат маъмурий жараёнларнинг мураккаблиги (6 босқичгача), рухсат олиш муддатларининг узоқлиги (3 - 12 ой), объектларни муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш учун техник шартларни олиш жараёнларининг шаффоф эмаслиги, қарор қабул қилишда инсон омилининг юқорилиги каби тизимли камчиликларни намоён қилди.
Ушбу муаммолар тадбиркорларнинг ортиқча оворагарчилиги ортишига, қурилиш жараёнлари секинлашишига ҳамда коррупциявий хавф-хатарларнинг кучайишига сабаб бўлмоқда.
Президентимизнинг “Қурилиш соҳасида натижага асосланган бошқарувни жорий этиш ҳамда соҳада давлат хизматларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан қурилишга рухсат олишда тадбиркорларнинг харажатларини 2 баробаргача қисқартириш ва соҳада сунъий интеллектни жорий этиш ва давлат хизматларини кўрсатишда инсон омилини камайтириш асосий мақсад қилиб қўйилди.
Қурилиш соҳасидаги энг катта йўқотишлар вақт билан боғлиқ. Лойиҳалаштириш ва қурилиш жараёнларини қатъий кетма-кетликда амалга ошириш амалда 3-9 ойлик кечикишга олиб келмоқда.
Шу боис, айрим объектлар учун босқичма-босқич (“фаст-траcк”) усулини жорий этиш, рухсат бериш босқичларини 6 тадан 1 тага қисқартириш, бинонинг конструкцияси, зилзилага бардошлиги ва ёнғин хавфсизлигига таъсир қилмайдиган ўзгаришлар бўйича лойиҳаларни шаҳарсозлик экспертизасидан ўтказишда ҳудудий кенгашлар билан қайта келишиш амалиётини бекор қилиш, давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун қўшимча муддат бериш, шаҳарсозлик кенгаши билан келишиладиган ташкилотлар сонини қисқартириш каби чоралар лойиҳаларни амалга ошириш муддатини камида 30-40 фоизга қисқартириш имконини беради.
Фармонга кўра, қурилиш соҳаси масъул ходимлари ҳамда лойиҳа ташкилотлари мутахассислари учун шаҳарсозлик, архитектура ва қурилиш соҳаси ривожланган илғор хорижий давлатларда стажировкаларни ташкил этиш белгиланди.
Бунда, стажировка дастурининг аниқ мақсад ва натижаларга йўналтирилгани, амалий кўникмаларга устуворлик берилгани, олинган тажрибани маҳаллий шароитга мослаштириш ҳамда стажировка якунида амалиётга жорий этиш режаларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилган.
Халқаро тажриба қурилиш соҳасида самарадорликни оширишда рақамлаштириш ҳал қилувчи омил сифатида намоён бўлаётганини кўрсатмоқда. Мисол учун, Туркияда рухсат бериш жараёнлари 1-3 ойда якунланади, Кореяда барча келишувлар 20 кун ичида амалга оширилади.
Бу тажриба Ўзбекистонда “битта ариза – бир тўлов” тамойили асосида техник шартларни олиш ҳамда аризаларни онлайн мониторинг қилиш тизимини жорий этиш ҳамда давлат хизматларини кўрсатишда сунъий интеллектни жорий этиш зарурлигини кўрсатади.
Ҳужжатга асосан 2026 йил 1 июлдан объектларни муҳандислик-коммуникация тармоқларига улашни “битта ариза – бир тўлов – барча уланиш нуқталари” тамойили асосида композит шаклда амалга ошириш ҳамда объектларни муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш учун техник шартларни бериш жараёнлари бош режаси рақамлаштирилган аҳоли пунктларида тўлиқ инсон омилисиз амалга оширилади.
Натижада рухсат бериш муддатлари 7 баробарга қисқаради, инвестициялар ҳисобига қурилиш жараёнларини параллел равишда олиб бориш орқали лойиҳаларни ишга тушириш жадаллашади. Давлат хизматларида сунъий интеллектнинг жорий этилиши инсон омилини камайтириб, аризалар мониторинги орқали соҳада шаффофлик ва ҳисобдорликнинг ортишига хизмат қилади.
Фармонда назарда тутилган чора-тадбирларнинг ўзаро уйғун ва яхлит механизм сифатида амалга оширилиши, натижага асосланган бошқарув моделининг жорий этилиши нафақат қурилиш соҳасини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади, балки давлат бошқаруви тизими самарадорлигини ҳам оширади. Бу эса, халқимизга максимал қулайликлар яратиб, турмуш фаровонлиги ошишига хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА