Наманганлик деҳқон Бойсунтоғ бағрида картошка етиштирди
Президент топшириғи – амалда
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йил 16 июнда ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат ўрмон хўжаликлари балансидаги ўрмон билан қопланмаган ерлардан самарали фойдаланиб, озиқ-овқат экинлари етиштириш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилган эди.
Сурхондарё вилоятидаги Бойсун давлат ўрмон хўжалиги ҳам мазкур топшириқ ижросини таъминлаш юзасидан муайян ишларни амалга оширмоқда.

Маълумотларга кўра, ўрмон хўжалиги ҳудудида 366,5 гектар ўрмон билан қопланмаган лалми ер мавжуд. Ўтган йил бу майдонларнинг бир қисми ерлардан унумли фойдаланиб, озиқ-овқат экинларини парваришлаш учун яқин атрофдаги қишлоқлар аҳолисига шартнома асосида тақсимлаб берилди. Бу йил тумандаги Кенгдала қишлоғининг денгиз сатҳидан 2500 метр баландликда жойлашган тоғли ҳудудида ўзлаштирилган ер майдонида ҳам картошка парваришлаш йўлга қўйилди.

Яшил бойлик билан қопланмаган бу майдоннинг ўн гектарини маҳаллий деҳқонлар эмас балки, наманганлик уста деҳқон Адҳамжон Йўлчиев ўзлаштириб, тажриба сифатида картошка етиштирди. Бунинг учун у 3,5 километр масофадан булоқ сувини полиэтилен қувур орқали олиб келиб, картошказорни оби-ҳаёт билан таъминлади. Жўялардаги экин поясига тупроқ тортишни канда қилмади. Куз эшик қоқиши билан ҳосил ҳам пишиб, етила бошлади.

– Сўлим тоғ қўйнида меҳнат қилиб, маҳсулот етиштиришнинг ўз гашти бор, – дейди А.Йўлчиев. – Деҳқончилигимизнинг дастлабки йилидаёқ картошкадан мўл хирмон кўтаришни мўлжаллаяпмиз. Ҳисоб-китобимизга кўра, гектаридан ўртача 35 тонна ҳосил йиғиб олмоқчимиз. Картошка пишиб, етилди. Фойдаланилмай турган бўз ерда етиштирилган маҳсулотимизнинг таъми тилни ёради. Ширин ва мазали.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Юнусбек Холиёровнинг айтишича, эндиликда Кенгдала қишлоғининг тоғ ёнбағирларида фойдаланилмай турган ўн гектар майдонда гилос боғи барпо этилиб, 15 минг туп тоғ иқлимига мос гилос кўчати қадалади.

Тоғ ёнбағирларидан ўзлаштирилаётган янги экин майдонларини сув билан таъминлаш самарадорлигини ошириш учун мембрана усулида суғориш тизими яратилади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири