Наманганда «Uzbekistan Open» халқаро турнири бўлиб ўтмоқда
Наманган шаҳридаги «Паҳлавон» спорт мажмуасида таэквондо WT бўйича ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида «Uzbekistan Open» халқаро турнири бўлиб ўтмоқда.
26 октябрь куни старт олган мусобақада Ўзбекистон спортчилари билан бир қаторда Россия, Эрон, Мўғулистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ҳиндистон каби давлатлардан ташриф буюрган жами минг нафардан зиёд таэквондочи ғолиблик учун баҳс олиб бормоқда.
Мазкур халқаро турнир давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 29 июлдаги «Таэквондо (WT) спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Бутунжаҳон таэквондо федерацияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Мусобақада хорижий давлатларнинг маҳоратли спортчилари билан бир қаторда Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари ҳам турли вазн тоифаларида ўз маҳоратини намойиш этмоқда.
Дастлабки беллашувларда бир қатор вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Тақдим этилган маълумотларга кўра, Ўзбекистон спортчилари 10 та олтин, 6 та кумуш ва 20 та бронза медални қўлга киритди.
[gallery-32216]
Турли ёш тоифаларидаги спортчилар иштирокидаги мазкур халқаро турнир 30 октябрга қадар давом этади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА