Наманганда шашка бўйича республика финал босқичи ғолиблари аниқланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Давлатобод туманидаги “Ёшлар зиё маскани”да “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида спортнинг шашка тури бўйича 16–21, 22–26 ва 27–30 ёш тоифаларидаги ўғил болалар ўртасида республика финал босқичи мусобақаси бўлиб ўтди.
Мусобақанинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов иштирок этиб, мусобақанинг ёшлар ўртасида шашка спорт турини оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишдаги аҳамиятини таъкидлади.
Мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридан саралаш босқичларида ғолибликни қўлга киритган спортчилар иштирок этди.
[gallery-30455]
Якуний натижаларга кўра, 16–21 ёш тоифасида Бегзод Халилов (Бухоро вилояти) биринчи, Илхон Жиенбоев (Қорақалпоғистон Республикаси) иккинчи, Зиёдбек Мирзаҳмадов (Наманган вилояти) учинчи ўринни эгаллади.
22–26 ёш тоифасида Сухроббек Ярашев (Қашқадарё вилояти) ғолиб бўлди. Иккинчи ўрин Шукрулло Абдумажидовга (Андижон вилояти), учинчи ўрин Ҳамро Раҳмоновга (Бухоро вилояти) насиб этди.
27–30 ёш тоифасида Абдумалик Абдукаромов (Сирдарё вилояти) биринчи, Достон Собиров (Навоий вилояти) иккинчи, Баҳодир Мирзаҳмадов (Наманган вилояти) учинчи ўринни қўлга киритди.
Умумжамоа ҳисобида Бухоро вилояти биринчи, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятлари иккинчи, Андижон ва Навоий вилоятлари учинчи ўринни эгаллади.
Ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА