Наманган вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Норин туманидаги Учтепа маҳалласи ҳудудида “Do’stlik forward” масъулияти чекланган жамияти томонидан газли ва газланмаган сув ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Умумий қиймати 2 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи мазкур лойиҳанинг дастлабки босқичида 50 та янги иш ўрни яратилади. Тўлиқ ишга туширилгандан сўнг эса, 110 кишининг доимий бандлиги таъминланади. Бу нафақат сув маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, маҳаллий иқтисодиёт ривожига ҳам сезиларли ҳисса қўшади.


Шунингдек, лойиҳа доирасида "Учтепа булоғи" зиёратгоҳи ҳам қайта қурилади. Янги сув корхонаси ва булоқ зонаси орқали маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар учун замонавий шароитлар яратилади.
***
Тўрақўрғон туманидаги 26-сонли умумтаълим мактаби биноси янгича қиёфада ўз эгаларига топширилди.

1960 йилда барпо этилган билим масканининг умумий қуввати 720 ўринга мўлжалланган бўлсада, унда 1 минг 242 нафар ўқувчи таълим олаётган эди. Шуни ҳисобга олиб, ўтган йилдан бошлаб умуммиллий дастур асосида 300 ўринли қўшимча ўқув биноси қурилди, мавжуд бинолар мукаммал таъмирланиб, замонавий жиҳозлар билан бойитилди. Бунинг учун бюджетдан 10 миллиард 414 миллион сўм маблағ сарфланди.

Замонавий коммуникация тармоқлари ва зарур воситалар билан таъминланган мактаб Калвак маҳалласи жамолига янада кўрк қўшди.
Маълумот ўрнида, туманда дастур доирасида 2017-2025 йилларда жами 26 та муассаса, шундан битта янги мактаб биносини қуриш, 10 та мактаб биноларини реконструкция қилиш, 15 та мактаб биносини мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди. Бу мақсадлар учун бюджетдан 77 миллиард 949 миллион сўм ажратилди. Сўнгги уч йилда мактаблар сони учтага оширилиб, 1 минг 710 ўқувчи ўрни ҳозирланди.
***
Мингбулоқ туманида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Нав синаш маркази ҳудудий участкасида ишга туширилган замонавий иссиқхона аҳоли фаровонлиги ва даромад манбаларини оширишга хизмат қилмоқда.

Ушбу лойиҳа “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” дастури доирасида Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки кўмагида амалга оширилди. Бунинг учун 2,1 миллиард сўм йўналтирилган бўлиб, у селекционер олимлар учун янги нав ва дурагайларни синовдан ўтказиш, уларнинг ҳосилдорлиги ҳамда иқлим шароитига мослигини аниқлаш имконини беради.

Мазкур иссиқхонада помидор, бодринг ва қалампир етиштириш орқали йилига 120-180 миллион сўмлик соф фойда олиш имконияти яратилган.
***
Давлатобод туманида фаолият юритаётган “Hilol Tekstil Soft” масъулияти чекланган жамияти сочиқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналардан биридир. Маҳсулотлар замонавий технологиялар асосида тайёрланиб, ички бозорга етказиш билан бир қаторда чет элга ҳам экспорт қилинмоқда.

32 киши меҳнат қилаётган корхона томонидан йилига 200 тоннагача, умумий қиймати 1 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Ўтган йили 300 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични икки баробар ошириш режалаштирилган.

Жамият раҳбарияти томонидан экспорт салоҳиятини янада ошириш, янги қувватларни ишга тушириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинган. Бунда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратиш кўзда тутилган.
***
Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалиёт тиббиёт маркази Наманган филиали жами 80 ўринли бўлиб, жорий йилда марказ фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида бир қатор бўлимлар учун қўшимча ўринлар ташкил этиш режалаштирилган.

Лойиҳа доирасида Австриянинг “AME International GmbH” компанияси ва “UnionCredit Bank Austria AG” банки орқали умумий қиймати 10 миллион АҚШ доллари бўлган замонавий тиббий жиҳозлар олиб келинмоқда. Ушбу технологиялар шифо масканида диагностика ва даволаш жараёнларини мутлақо янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳи марказ фаолияти, бажарилаётган лойиҳалар ва истиқболдаги режалар билан танишди. Шунингдек, беморлар учун яратилган шароитлар кўздан кечирилиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш, хизматлар сифати ва самарадорлигини янада ошириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Маълумот ўрнида, янги лойиҳалар тўлиқ ишга туширилгач, янги шифо муассасаси бир вақтнинг ўзида 100 нафардан ортиқ беморга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади.
***
Замонавий автомобил чироқлари ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда. Яъни 2019 йилда хитойлик инвестор томонидан ташкил этилган, Янги Наманган туманидаги “Kadeer parts industry” масъулияти чекланган жамиятида автомобил учун зарур бўлган турли фаралар ишлаб чиқарилади. Ҳозирги кунда юзга яқин кишининг бандлиги таъминланган.


Корхонада 2024 йилда 100 минг долларлик экспорт амалга оширилиб, ўтган йили 10 миллиард сўмлик маҳсулот ички бозорга етказилган, жорий йилда эса, экспорт ҳажмини 200 минг долларга ошириш режалаштирилмоқда. Сармоядор томонидан ишлаб чиқариш ҳажми ва маҳсулот турларини кўпайтириш бўйича ҳам режалар белгиланган.
***
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов Наманган вилоятида бўлди.
Наманган давлат педагогика институти ҳудудида барпо этилаётган “Маърифат боғи” лойиҳаси юзасидан фикр алмашилиб, бу ажиб масканни талабаларнинг маънавий дунёсини бойитишга хизмат қиладиган очиқ маърифий макон сифатида ривожлантириш бўйича ғоялар илгари сурилди.

Вилоят фаоллари, зиёлилар, таълим ва маърифат соҳаси жонкуярлари, иқтидорли ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда ёш авлод учун яратилаётган кенг имкониятлар, уларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, маънавий-маърифий муҳитни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир якунида 12 нафар фаол, ташаббускор етакчи ёшга “Лидер ёшлар тарғиботчиси” гувоҳномалари тантанали равишда топширилди. Бу ҳужжат эртамиз эгаларининг маънавий-маърифий йўналишдаги фаолияти, жамият ҳаётидаги фаоллиги ва тенгдошлари ўртасида маърифат ва эзгу қадриятларни тарғиб қилишдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА