Наманган вилояти ҳокимига янги ўринбосарлар тайинланди
Наманган вилояти ҳокимлигида раҳбар кадр тайинловлари амалга оширилди.
Хондамир Ҳакимович Охунбобоев Наманган вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникация масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди. У мазкур лавозимда фаолият юритган Ботирхон Қодирхонович Нуриддиновнинг ўрнида ишга киришди.

Хондамир Охунбобоев 1989 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 2013 йили Наманган муҳандислик-педагогика институтини тамомлаган. Мутахассислиги педагог.
Меҳнат фаолиятини 2012 йилда Наманган вилояти ҳокимлигининг компютерлаштириш марказида бош мутахассис сифатида бошлаган. Кейинчалик у Инвестициялар давлат қўмитаси Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси, “Aisha Home Textile” қўшма корхонаси, Наманган вилояти инвестициялар, саноат ва савдо бошқармасида турли масъул ва раҳбарлик вазифаларида иш олиб борган.
Тайинловга қадар “Наманган эркин иқтисодий зонаси дирекцияси” давлат муассасаси директори лавозимида ишлаб келаётган эди.
***
Азизбек Бахтиёр ўғли Абдусаломов Наманган вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари – вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. У мазкур лавозимда фаолият юритган Анваржон Ботиралиевич Ҳакимовнинг ўрнида ишга киришди.

Азизбек Абдусаломов 1992 йилда Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида туғилган. Маълумоти олий, Наманган муҳандислик-технология институтини тамомлаган. Мутахассислиги – муҳандис-технолог, иқтисодчи.
Меҳнат фаолиятини Мингбулоқ туманидаги “Азизбек Абдусаломов” фермер хўжалигида бошлаган. Кейинчалик у Мингбулоқ тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Наманган вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Наманган вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармасида турли масъул ва раҳбарлик вазифаларида фаолият юритган.
Тайинловга қадар Мингбулоқ тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – туман иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи лавозимида иш олиб бораётган эди.
Мазкур тайинловлар Наманган вилоят ҳокимининг тегишли қарорлари билан амалга оширилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.