Наманган шаҳри бошқаруви рақамли платформага ўтади
Давлатобод туманида жойлашган вилоят вазиятларни бошқариш марказида Наманганда жорий этилиши режалаштирилаётган “Ақлли шаҳар” дастурий мажмуаси тақдимоти бўлди.
Унда Ўзбекистон Президентининг ёқилғи-энергетика масалалари бўйича маслаҳатчиси Беҳзод Норматов, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар ҳамда тегишли корхона, ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Дастлаб, давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор – "Uzinfocom" масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқилган “Ақлли шаҳар” дастурий комплекси мутахассислар томонидан аниқ мисоллар асосида тушунтириб ўтилди.

Концепцияга мувофиқ, Наманган шаҳар вазиятлар маркази штаби тузилиб, доимий ишчи таркиб ҳамда йўналишлар бўйича жалб этиладиган ташкилотлар вакилларидан иборат ҳолда шакллантирилади. Штаб Наманган шаҳри ҳудудидаги ижтимоий-иқтисодий, коммунал, хавфсизлик, қурилиш-экология, жамият ва туризм ҳамда аҳоли мурожаатлари бўйича вазиятни ҳар куни мониторинг қиладиган, муаммоли ҳолатларни аниқлайдиган, масъул ташкилотларга топшириқларни йўналтирадиган ва ижрони якунига қадар назорат қиладиган ишчи орган ҳисобланади.

Тадбирда штаб фаолиятининг мақсад ва моҳияти, вазифаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Штаб вилоят марказидаги муаммоларни рақамли маълумотлар, хариталар, мурожаатлар ва ижро натижалари асосида бошқариш ҳамда раҳбариятга ҳар куни аниқ, ишончли ва қарор қабул қилишга тайёр ахборот тақдим этишга эътибор қаратади.

“Ақлли шаҳар” дастури коммунал хизматлар соҳасини рақамлаштириш, муҳандислик инфратузилмасини замонавий технологиялар асосида бошқариш ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим қадамдир.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.